Ўзбекистондаги айрим банкларда яна нақд валюта танқислиги кузатилмоқда. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Orient Finance Bank ўз шохобчаларида 2 минг доллардан ортиқ нақд доллар олишга чеклов қўйган. Бунга нима сабаб бўлганига аниқ изоҳ берилмаган.
Шунингдек, Ziraat Bank'да ҳам катта миқдорда нақд валюта олиб бўлмаяпти. Kun.uz манбасининг сўзларига кўра, Hamkorbank'нинг бир нечта филиалларида ҳам катта миқдорда нақд валюта олишга чеклов қўйилган.
Ипотека банк матбуот хизматининг Kun.uz'ga маълум қилишича, банкда валюта сотиб олиш билан боғлиқ чекланган лимит ўрнатилмаган.
Ҳозирча ҳеч қайси банк мазкур ҳолатга расмий равишда изоҳ бермади.
“Спекулятив ўтказмалар миқдори мисли кўрилмаган даражага етди”
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, охирги кунларда валюта “қора бозори”нинг даромадлилик даражаси 50 фоизгача етган.
“Россияда юз бераётган воқеликлар Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. 29-30 сентябрь кунлари бир доллар учун нақдсиз нисоб 53 рублгача пасайди, табиийки Ўзбекистонга спекулятив ўтказмалар миқдори ўтган ҳафта охири ва шу ҳафта бошида мисли кўрилмаган даражага етмоқда.
Бугун эрталабки ҳолатга Россияда ВТБ банки нақд доллар учун 78,5 рубль, Сбербанк 78 рубль, Альфа-банк 77 рубль сўрамоқда. Пайшанба ва жума кунлари Ўзбекистонга нақдсиз ўтказилган ва нақд ечиб олиниб Россияга етказилган транзакциянинг даромадлилиги 50 фоизга етмоқда. Уч кунда 50 фоиз даромад. На наркобизнес, на фоҳишабозлик, на одам савдоси бунча кўп даромад бермайди”, дейди у.
Бакировнинг қўшимча қилишича, ўзбек банклари ўз мижозларини нақд валюта билан таъминлашда жиддий қийинчиликларга дуч келмоқда.
“Ўзбекистон банклари хорижий ўтказмалар ва валюта айирбошлаш билан боғлиқ операцияларни нақд валюта билан таъминлаш масаласида кучли босим ва юкламага дуч келмоқда. Хориждан нақд валюта келтириш икки, уч баробарга кўпайган, санкциялар шубҳаси ва эҳтимоли остида бўлсада нақд валюта келтириш яна кўпайтирилмоқда, янги манбаларни қидириб топиш ишлари тўхтаб қолгани йўқ.
Ҳа, ижтимоий тармоқларда ёзилаётганидек, айрим банклар юзага келган чақириқларга етарлича адекват ва тезкор муносабатда бўлмаётган бўлиши ҳам мумкин. Ҳа, айрим ҳолатларда юзага келган дефицит шароитидан фойдаланиб қолишга уринаётган, спекулянтлар билан бир фронтга қўшилиб қолган банкирлар ҳам бўлиши мумкин.







