Жамият | 14:37 / 05.10.2022
13391
3 дақиқада ўқилади

ССВ: Ўз вазифасига масъулиятсиз ёндашган туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари лавозимидан озод этилди

Чортоқ туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари лавозимидан озод этилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

ССВ ўз вазифасига масъулиятсиз ёндашган туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар берди.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан Наманган вилоятида оналар ва болалар саломатлигини таъминлашга масъул тиббиёт муассасалари фаолияти танқидий ўрганилмоқда.

Хусусан, дастлабки таҳлилларга кўра, 50 ўринли Чортоқ туман туғуруқ бўлимида шу йилнинг ўтган 9 ойида 3700 нафардан ортиқ ҳомиладор аёл фарзандли бўлган. Муассасада жорий йил сентябр ойига қадар кунига ўртача 13 та туғуруқ амалга оширилган бўлиб, бу давр оралиғида шифохонанинг ортиқча юклама билан ишлаши деярли кузатилмаган.

Бироқ сентябр ойида кунлик туғилишлар сони ўртача 20 тага ортиб кетгани боис, шифохонада ўрин-жойлар етишмовчилиги юзага келган. 

Аммо туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарияти томонидан мазкур масалани ҳал этиш бўйича ўз вақтида керакли чора-тадбирлар кўрилмаган. Оқибатда ушбу туғуруқ бўлимидаги палаталарда ўрин-жойлар санитар-эпидемиологик талабларга риоя этилмаган ҳолда жойлаштирилган.

Яъни самарасиз ишлаётган стационар ўринлар ҳисобига ҳомиладор аёллар учун қўшимча ўрин-жойлар яратиш имконияти мавжуд бўла туриб, туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарияти мазкур муаммога совуққонлик билан ёндашган. 

Ана шуларни инобатга олган ҳолда, иш фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйган Чортоқ туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари вазифасини бажарувчи Тоҳир Мўминов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Ўз навбатида, юзага келган муаммоли вазиятни тезкор бартараф этиш мақсадида туман тиббиёт бирлашмасидаги самарасиз ишлаётган стационар ўринлар ҳисобидан туғуруқ бўлими учун қўшимча яна 20 та, жами 70 та ўрин-жой ажратилди. 

Соғлиқни сақлаш вазири раҳбарлигида ўтказиладиган танқидий йиғилишда юқорида қайд этилган ушбу ҳолат мисолида мамлакатимизда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишга доир муаммоли масалалар ҳамда уларнинг амалий ечимлари муҳокама этилади», дейилади хабарда.

4 октябр куни ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги туғуруқхона тасвирланган видео тарқалганди. Видеода туғуруқ жараёнини ўтказган 15 нафарга яқин аёл ва болалар бир хонада ётгани акс этганди.

Мавзуга оид