Яхта, бизнес-жет ва вертолётлар — сафарбарликдан қочиш учун Россияни тарк этишнинг энг экзотик йўллари
«Қисман» сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг юз минглаб одам Россияни тарк этди. Кўпчилик ҳукумат тез орада чегараларни ёпиб қўйишини кутган эди. Бошланган ваҳима сабаб поезд ва самолёт чипталари нархи кескин қимматлади, Россиянинг қуруқлик чегараларида кўп километрлик навбатлар пайдо бўлди. Натижада, кўплаб руслар мамлакатни анчагина экзотик йўллар билан тарк этишга мажбур бўлди.
Москвалик Алексей IT соҳасида ишлайди, сафарбарлик бошлангач, иш берувчи компания унга ижарага олинган чартерда Арманистонга учиб кетишни таклиф қилган.
«Компания учун бу янгилик эмас эди, чунки 24 февралда, уруш бошланганда ҳам улар тезда қарор қилиб, Ереванга учиб кетган эди», – дейди Алексей.
Парвоз 28 октябрга белгиланади. Алексей чипта нархини билмайди, чунки ишчилар учун учиш бепул эди. У бу санани кутмасликка қарор қилади. Россия чегараси ёпилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар сабаб Алексей сафарбарлик эълон қилинганидан бир неча кун ўтибоқ Беларусга кетади.
Алексейнинг айтишича, чартер рейс компания офиси жойлашган бизнес марказга «полиция ва ҳарбий комиссарлар» келганидан кейин бекор қилинган. Эндиликда иш берувчи ўз жамоасига мамлакатни тарк этиш учун индивидуал ёрдам таклиф қилмоқда.
Бу россияликлар мамлакатни тарк этиш учун шахсий самолётлардан фойдаланишга уринганига бир мисол. Талаб, нафақат, компаниялардан бизнес-жет самолётларни ижарага олишда, балки бошқа хизматларда ҳам ўсди: масалан, бир киши ёки гуруҳ учун бутун самолётни ижарага олиш, шунингдек, жет шаринг ёки шахсий самолётдан ўриндиқ харид қилиш каби.
«Қисман сафарбарлик эълон қилинган куннинг эртасигаёқ самолётларни ижарага олиш бўйича талаб кескин ошди», – дейди Flight Way компанияси бош директори Эдуард Симонов. Ушбу компания бизнес-жетларда чартер рейсларини ташкил қилиш билан шуғулланади.
«Мурожаатларнинг аксарияти аввал шахсий самолётлардан фойдаланмаган, аммо ҳозир имкон қадар тезроқ учиб кетишни хоҳлайдиган одамлардан келяпти. Бироқ потенциал мижозлар кўпинча нархлардан қўрқиб кетади – ҳамма ҳам шартнома имзолаш ва парвозгача етиб бормайди», – дейди Симонов.
Бутун самолётни ижарага олиш нархи масофа ва маршрутга боғлиқ. BBC билан мулоқот қилган компанияларга кўра, бир парвоз нархи 4,5 дан 10-15 миллион рублгача бўлиши мумкин. Хусусий самолётдаги ўриндиқларни «бўлишиш» эса, масалан Туркия ёки Арманистонга парвозлар учун (бу икки мамлакат сафарбарликдан кейин энг асосий йўналишларга айланди) 14 мингдан 25 минг еврогача (1-1,5 миллион рубль) баҳоланади.
«Москвадан Ереван ёки Истанбулга учувчи бутун бир самолёт ижараси нархи йўловчилар сони, самолёт тури ва унинг аниқ учиш санасига қараб 5-13 миллион рублни ташкил қилади. Ва, албатта, илгари ҳеч қачон бизнес-жет самолётларда учмаган одамлар бундай нархни кўрганда, уларда самолётни ижарага олиш истаги тезда йўқолади. Одамларда одатий ваҳима ва қўрқув бор», – дея ёзади Симонов.
Шунга қарамай, сафарбарлик эълон қилингандан кейинги дастлабки кунларда талаб таклифдан ошиб кетди. Ҳозирда Россиядан тижорат рейсларини амалга оширувчи бир нечта бизнес-жет мавжуд ва талаб кескин ошганидан сўнг ариза берилган куниёқ самолётни ижарага олиш ва учиб кетиш деярли имконсиз бўлиб қолди.
Энг кўп бизнес-жет чартерлари Москвадан 23 сентябрдан 28 сентябргача учиб кетган (компания вакиллари уларнинг аниқ сонини айта олмади).
«Одатда кунига элликтача мурожаат келадиган бўлса, бу сон бирданига 500 тага кўтарилди. Ҳатто баъзи кунларда мингтадан ҳам ошди. Лекин бу фақатгина бизнинг компаниямизда кузатилган ҳолат. Албатта, умумий бозорга назар ташланса, уларда бу миқдор янада кўпроқ бўлган», – дейди Your Charter компаниясининг ривожланиш бўйича директори Евгений Биков.
Унинг сўзларига кўра, сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг катта лайнерлардан фойдаланиш оммалаша бошлаган.
«Ҳозир бизнес-жетларга бўлган талабнинг энг «чўққига чиққан» даври ўтиб бўлди. 27 сентябрдан кейин компанияга мурожаатлар камайиб кетди, бироқ парвозлар бўйича реал сўровлар сони ўсишни бошлади», – дейди Биков.
Бироқ, Биков яна бошқа бир жараённи ҳам қайд этди: компаниялар томонидан чартерларга бўлган талаб сафарбарлик эълон қилинишидан олдинроқ ўсишни бошлаган.
«Сентябрга яқин баъзи компаниялар ташқи парвозлар ҳақида йил давомидагидан кўра кўпроқ ўйлай бошлади. Шу сабаб уларнинг кўпчилиги 20 сентябрга қадар Россиядан учиб кетди ва ўз ходимларини ҳам бошқа жойга кўчирди... Бизнес-жетларга потенциал мижозлар сони, эҳтимол, 2-3 баробар кўпайди», – дейди Биков.
Чатлардаги ноқонуний парвозлар
Биринчи ҳафтада ташқи парвозларни нафақат расмий компаниялар, балки чегарада навбатда турган ёки ундан ўтмоқчи бўлганлар чатларидаги номаълум шахслар ҳам таклиф қилган. Масалан, Грузия билан чегарадаги «Верхний Ларс» назорат-ўтказиш пункти олдида тирбандликда турганлар чатида номаълум кишилар чегарадан кичик самолёт ёки вертолётда учиб ўтишни таклиф қилган.
BBC нашри мухбири шундай эълон берган бир неча киши билан суҳбатлашган. Улардан бири Сочидан Грузияга учувчи ферма самолётидаги жой учун 20 минг рубл сўраган. Олиб ўтувчининг ишонтиришича, йўловчилар россиялик чегарачилар билан тўқнаш келмайди, самолётнинг ўзи эса нейтрал сувлар устидан учиб ўтади.
Икки баравар қимматроқ нархга (40 минг рубль) улар вертолёт чипталарини ҳам таклиф қилган. Бу пулга Минвод шаҳридан Грузияга учиш мумкин эди. Олиб ўтувчиларинг тушунтиришича, расмиятчиликлар оддий чегарани кесиб ўтиш билан бир хил бўлади, яъни мижоз Россиядан чиқарилмаслиги ҳам мумкин. Шунинг учун, олиб ўтувчилар вертолётдан жой олиш учун тўлиқ пулни эмас, балки 50 фоизини олдиндан тўлашни сўраган.
Олиб ўтувчи бу парвоз мутлақо қонуний бўлишига ишонтирган. Аммо у Россия қонунчилиги буни тақиқлашига қарамай агар иложи бўлса хизмат ҳақини криптовалютада тўлашни илтимос қилган.
Агар мижоз икки баравар кўпроқ — 80 минг рубль тўлашга тайёр бўлса, унда олиб ўтувчи «ноқонуний» олиб ўтиш вариантини таклиф қилган, лекин қандай ўтиш тафсилотларини ошкор этмаган.
Яна бир парвоз варианти Бесландан Тбилисига вертолётда учиш бўлиб, аванс тўлаш шарти билан хизмат ҳақи 20 минг рублга баҳоланган.
Бироқ, Eвгений Биковнинг сўзларига кўра, Россия ва Грузия ўртасида тўғридан тўғри рейслар мавжуд эмаслиги сабабли (2019 йилда тўхтатилган), бундай парвозлар қонуний равишда фақат транзит орқали амалга оширилиши мумкин. Умумий қоидаларга кўра, шахсий самолётга чиқишда йўловчилар алоҳида жой ёки VIP терминалда рўйхатдан ўтиши мумкин, аммо барибир оддий рейсдаги каби расмиятчиликларни бажаради.
Сўнгги кунларда мунтазам рейслар чипталарига талаб камайди. Масалан, 3 октябр куни Москвадан Тбилисига (Ереван орқали) кейинги кун учун чипталарни 35-50 минг рублга сотиб олиш мумкин эди. Чипта нархлари Москвадан Ереванга 13,5 дан 23 минг рублгача, Остонага эса 26-45 минг рублгача бўлиши мумкин. Бу ҳали ҳам одатдаги нархлардан қимматроқ, лекин 20-22 сентябр кунларидаги нархлардан бир неча баробар арзон.
Янада экзотик вариантлар ҳам мавжуд, масалан, дам олиш кунлари 41 минг рубл эвазига Дубай орқали Москвадан Занзибарга учиш мумкин. Танзаниядаги бу орол пандемия даврида, Россиядан бу ерга тўғридан тўғри рейслар қўйилгандан кейин анча машҳур бўлиб кетганди. Россияликлар мамлакат визасини Танзанияга келганларидан сўнг олишлари мумкин.
Россияни яхтада тарк этиш
Саккиз нафар россиялик яхтачилардан ташкил топган гуруҳ 27 сентябр куни Владивостокда «чегараларни ёпди» ҳамда Жанубий Корея томон отланди ва бир тарафлама круиз (денгиз саёҳати) бошлади. Бу саёҳат тахминан беш кун давом этди, чунки қайиқ Шимолий Корея атрофидан ўтувчи узоқ айланма йўлни босиб ўтиши керак эди.
Дастлаб, бу сафарбарлик туфайли Россияни тарк этишга уриниш эмас эди: капитан Игор Ковалевский бошчилигидаги жамоа яхтани Россиядаги совуқ мавсумда Корея ёки Таиландга олиб кетиб, ишлатмоқчи эди. Бу бўйича режалар ёздаёқ муҳокама қилина бошланганди, аммо круиз иштирокчиларидан бирининг айтишича, жамоа қайиқни, ниҳоят 20 сентябр куни сувга туширишга қарор қилади.
Бошқа йўллар ёпилган бир пайтда қайиқни олиб чиқиш, жамоа аъзолари учун Россияни тарк этишнинг энг яхши усули бўлди.
Назарий жиҳатдан ушбу денгизчилар гуруҳининг Владивостокдан Кореянинг Тонҳэ шаҳрига қилган яхтадаги маршрутини такрорлаш мумкин. Бироқ, портдан жой банд қилиш учун Жанубий Кореянинг электрон саёҳат рухсатномаси (K-ETA) керак бўлади. Шу мавзудаги чатларда ўз тажрибаларини бўлишадиган саёҳатчиларнинг сўзларига кўра, ҳозирда бундай ҳужжатни расмийлаштириш учун бир неча ҳафта кетиши мумкин.
BBC нашри сафарбарликдан кейин пайдо бўлган кема орқали Россияни тарк этиш бўйича яна бир неча эълонни излаб топди. Мисол учун, Сочидан Истанбулга ёки Новороссийск ва Анапдан Туркиянинг Синоп вилоятига кетадиган яхтадан жой банд қилиш мумкин. Ялтадан Синопга елканли катамарандада бориш киши бошига 90 минг рублга баҳоланмоқда. Шундай эълон берган олиб ўтувчилардан бири кетиш бўйича мурожаатга жавобан, маршрут аллақачон мавжуд эмаслиги ва саёҳат «вазият барқарорлашганидан кейин» давом этишини ёзган.
Мамлакатни денгиз орқали тарк этишнинг яна бир анъанавий йўли мавжуд — бу бир неча юз минг рубль эвазига Сочидан Истанбулга круиз (саёҳат) қилишдир.
Ҳозирда чегараларда вазият қандай?
3 октябр куни эрталаб Россиянинг Грузия билан чегарадош ҳудуди бўлмиш Шимолий Осетия ҳукумати энг машҳур чегара ўтиш жойларидан бири — «Верхний Ларс»даги узун навбат йўқолганини маълум қилди.
Шимолий Осетия бош вазири ўринбосари Ирбек Томаевнинг сўзларига кўра, ўтган ҳафтада беш мингтагача енгил автомобил мавжуд бўлган навбат 3 октябрга келиб «тугаган». Худди шу маълумот Россия Федерал божхона хизмати томонидан ҳам тақдим этилган.
Томаевнинг сўзларига кўра, ўтган ҳафта давомида «Верхний Ларс» назорат-ўтказиш пункти орқали чегарани 19,7 минг автомашина, 69,5 минг одам кесиб ўтган. Грузия ҳукумати хабар беришича эса, фақатгина 17-26 сентябр кунлари Грузияга барча назорат пунктлари орқали 78 мингдан ортиқ россиялик кирган.
«3 октябр куни Астрахан области ва Қозоғистон чегарасидаги «Қораўзак» назорат-ўтказиш пунктида ҳам вазият барқарорлашди», – дея хабар берган Красноярск ўлкаси раҳбари Руслан Бисенов.
Ундаги маълумотларга кўра, бир неча кун ичида назорат-ўтказиш пунктини 3 мингга яқин автомобил ва 10 мингдан ортиқ одам кесиб ўтган. Қозоғистон ҳукумати маълумотларига кўра эса, Россияда сафарбарлик бошланганидан кейин деярли 100 минг россиялик турли йўллар орқали мамлакатга кириб келган.
Мавзуга оид
23:13 / 23.11.2024
Кремл янги сафарбарлик бўлмаслигини маълум қилди
12:30 / 04.11.2024
Рада сафарбарлик тезлиги секинлашиши билан боғлиқ муаммо ҳақида маълум қилди
23:10 / 26.10.2024
Грузияда парламент сайловлари якунланди. Ҳукмрон партия ва мухолифат ўз ғалабасини эълон қилди
21:11 / 21.10.2024