Ўзбекистон | 11:29 / 07.10.2022
5927
3 дақиқада ўқилади

Сенат «Стандартлаштириш тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририни маъқуллади

Айни вақтда давом этаётган Олий Мажлис Сенатининг ўттиз учинчи ялпи мажлисида сенаторлар янги таҳрирдаги «Стандартлаштириш тўғрисида»ги қонунни маъқуллади. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Маълум қилинишича, амалдаги қонун 1993 йилда қабул қилинган бўлиб, бугунги кун талабларига ва стандартлаштириш соҳасидаги халқаро ҳужжатларга мазмунан тўғри келмайди. Янги қонун 31 та моддадан иборат бўлиб, унинг мақсади стандартлаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдир.

Қонунда давлат стандарти тушунчаси мажбурий бажариш маъносини англатгани боис хорижий тажрибаларга таянган ҳолда «миллий стандарт» тушунчасига ўзгартирилмоқда. Чунки миллий стандартлар ихтиёрий асосда қўлланиши белгиланмоқда.

“Жаҳон Савдо ташкилоти, Стандартлаштириш бўйича халқаро ташкилот ва бошқа ташкилотлар талабларига мувофиқ, ишлаб чиқарувчилар истеъмол бозорлари ёки хорижий бозорларга кириб бориши ҳамда рақобатбардошлилигини ошириб бориши учун стандартлар ихтиёрий асосда қўлланади.

Қонуннинг қабул қилиниши билан 18 мингдан ортиқ стандарт мажбурий тусдан ихтиёрийликка ўтади. Шу билан бирга халқаро, минтақавий ва хорижий стандартларни Ўзбекистон Республикасида қўллаш тартиби жорий этилмоқда. Бунда улар Миллий органнинг қарори билан миллий стандартлар сифатида ўзгаришсиз қабул қилиш орқали қўлланади”, – дейилади Сенат ахборотида.

Бундан ташқари, турли хил идоралар кесимида стандартлаштириш бўйича ишларни алоҳида-алоҳида олиб бориш амалиёти бекор қилиниб, стандартларни экспертизадан ўтказиш, тасдиқлаш, рўйхатга олиш, янгилаш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ваколати стандартлаштириш бўйича Миллий орган – Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги Ўзбекистон Стандартлар институтига берилмоқда. Шунингдек, стандартлаштириш фаолиятини ташкил этиш тартиби аниқ белгиланмоқда.

“Соҳа ва тармоқларда трансформация жараёнлари жадал кечмоқда. Айрим тармоқларга нисбатан халқаро даражадаги кўп йиллик чекловлар олиб ташланди. Глобал савдо-иқтисодий интеграцияларга киришиш билан боғлиқ жараёнлар фаоллашиб бормоқда.

Буларнинг барчаси ўз-ўзидан бўлмайди. Миллий стандартлаштириш тизимини замон талаблари даражасида такомиллаштирмай туриб, рақобатбардош иқтисодиётни барпо этиш мушкул.

Шу жиҳатдан қараганда мазкур Қонун ушбу йўлдаги саъй-ҳаракатларнинг муҳим таркибий қисми дейиш мумкин. Қонун соҳада мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши баробарида катта вазифалар ҳам юклайди. Илмий-амалий, ташкилий-техник, кадрлар каби муҳим масалаларни самарали ҳал қилиш талаб этилади.

Ҳукумат, мутасадди ва манфаатдор идора, ташкилотлар бунга алоҳида эътибор қаратишлари зарур”, – деди сенат раиси Танзила Норбоева.

Қонун Ўзбекистон президенти имзолаганидан кейин, ҳужжатнинг ўзида белгиланган муддатда кучга киради.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид