Сенатор Конституцияни ўқимаганини билдириб қўйдими?

Абира Ҳусайнова, Конституцияда бор қоидани янги Конституция лойиҳасига киритишни таклиф қилган сенатор:

— Маълумки, тарихий-миллий қадриятларимиз ҳам эркаклар, ҳам аёллар зиммасига бирдек вазифалар қўяди. Айрим ҳолларда бундан бир томонлама хулоса чиқарилаётгани ҳам бор гап. Шунинг учун Конституцияда “Хотин-қизлар ва эркаклар қонун олдида тенг ҳуқуқлидирлар”, деган норма киритилишини таклиф қиламан.

Украинани қўллаган Ўзбекистонга шимолдан келган иқтисодий буҳрон

Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров – собиқ ТИВ раҳбари А.Комиловнинг Украина ҳудудий яхлитлигини қўллаб берган баёноти ҳақида:

— Абдулазиз Комиловнинг ўша чиқиши Ўзбекистоннинг энг дадил чиқиши эди. Бироқ ўша чиқишдан кейин биз учун 1 ҳафта иқтисодий буҳрон бошланди. Биласизми, Ўзбекистоннинг шимол томондан океанга очилиш йўналиши 1 ҳафтага махсус фалажлантирилди.

“Ҳар бир берган пулимизни очиқ бюджет бўлиб, одамларнинг ўзи тасдиқласа, қандай яхши бўларди”

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон президенти:

— Очиқ бюджет бўйича одамларимиз ўрганиб олдими? Адолат бўлса, жамиятда ўзгариш бўляпти, тўғрими? Бу жараёнга ҳеч ким аралашмаяпти-ку. Тасаввур қилинглар, ҳар бир берган пулимизни очиқ бюджет бўлиб одамларнинг ўзи тасдиқласа, қандай яхши бўларди. Ўн карра кўп адолат бўларди, ўн беш карра пул қисқарарди.

Минглаб Damas'лар юрган Ўзбекистонга “Captiva-5” мос келмас экан

Жамшид Бахшиллаев, UzAuto Motors'ни судга берган истеъмолчи:

— Давлат ташкилотлари берадиган сертификатлар кучлими ёки қайсидир ташкилотнинг ички хулосалари устун турадими? Агар уларнинг хулосаси устун турса, эртага биз ҳам ўз ички хулосамиз орқали қонунни айланиб ўтиш йўлларини излаймиз. Агар “Captiva-5” автомашинаси талабларга мос бўлмаса, 1996 йилда олиб келинган Damas автомашинасини текширувдан ўтказиб, халққа бир кўрсатиб беринглар.