Украинанинг мингдан ортиқ аҳоли яшаш манзиллари «свет»сиз қолди
10 октябр куни соат 21:00 ҳолатига Украинанинг камида 1307 та аҳоли яшаш манзиллари эрталабки ракета зарбалари туфайли электрсиз қолди. Бу ҳақда мамлакат Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати хабар берди.
Электр таъминоти қуйидаги регионларда узилган: Суми областида (766 та аҳоли яшаш манзили), Лвив (353), Тернопил (169), Киев (13) ва Хмелницкий (6).
Лвивда ичимлик суви таъминоти билан ҳам муаммолар юзага келган. Лвив мэри Андрей Садовой соат 19:20 ҳолатига шаҳарда электр энергияси таъминоти 35 фоизга тиклангани, шаҳарнинг ярмида сув йўқлигини айтган.
Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати берган сўнгги маълумотларга кўра, 10 октябр кунги зарбалар оқибатида 14 киши ҳалок бўлиб, 97 киши турли даражада тан жароҳатлари олган.
Украина президенти Володимир Зеленский Россия ҳарбийлари бир кунда Украина шаҳарлари бўйлаб 84 та ракета учирганини хабар қилди, шундан 43 та ракета ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари томонидан тутиб қолинган. Бундан ташқари, шу куни Украинага 24 та учувчисиз учиш аппаратлари ҳужум қилган, 13 таси уриб туширилган. Россия Мудофаа вазирлиги мудофаа, энергетика ва алоқа объектларига ҳужум қилинганини маълум қилганди, бироқ фуқаролик объектлари ҳам ўққа тутилган. Reuters агентлиги қайд этишича, бу уруш бошланганидан буён Россиянинг энг йирик ҳаво ҳужуми бўлган.
Энергетика инфратузилмаси ўққа тутилгани ва зарарлангани туфайли, Украина ўз энергия тизимини барқарорлаштириш учун 11 октябрдан Евроиттифоққа электр энергияси экспортини тўхтатиб туришга қарор қилди.
- Россия президенти Владимир Путин 10 октябр куни эрталаб Украина шаҳарларининг ўққа тутилиши Керч бўғозидаги Қрим кўпригида содир бўлган портлашга жавоб бўлганини маълум қилган.
- Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк ракета зарбалари Қрим кўпригидаги портлашга алоқаси йўқлигини таъкидлади. «Россия армиясининг Украина шаҳарларига йўналтирилган бугунги ракета зарбалари бир неча ҳафта олдин режалаштирилган ва Қрим кўпригидаги портлаш билан боғлиқ эмас», деган у.
- Украина разведкаси эса Россия ёппасига ракета зарбалари беришга 2-3 октябр кунлариёқ тайёрлангани тўғрисида хабар берган.
Мавзуга оид
14:40 / 30.10.2024
Киев ва Сеул КХДРга қарши туриш учун алоқаларни фаоллаштирмоқда
08:40 / 30.10.2024
FT: РФ ва Киев энергообъектларга ҳужумларни тўхтатишни муҳокама қилмоқда
07:50 / 29.10.2024
РФ Харкив марказидаги ЮНEСКО объектига ҳаво ҳужуми уюштирди
17:45 / 27.10.2024