10:20 / 12.10.2022
6758

Самарқандда 2021 йилда 74 нафар мансабдор шахс маст ҳолда транспорт бошқаргани маълум қилинди

Маст ҳолда машина бошқарган ёки маст ҳолда машина бошқарганликда гумон қилинганда текширувдан ўтишдан бош тортганлар орасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ёки назорат қилувчи идораларнинг мансабдор шахслари ҳам бўлган.

Фото: Fotolia

Самарқанд вилоят судлари томонидан 2021 йил давомида 49 618 нафар шахсга нисбатан кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларнинг 37 859 таси тамомланган. Шундан 6 506 нафар шахс маст ҳолда машина бошқарган, яна 6 400 нафар шахс маст ҳолда машина бошқаришда гумонланганда текширувлардан бўйин товлаган. Улар орасида давлат идораларида ишловчи шахслар ва аёллар ҳам бор.

Жумладан, давлат идораларида ишловчи 74 нафар шахс маст ҳолда автомашина бошқарган, яна шунчаси мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан бош тортган. 41 нафар хотин-қиз маст ҳолда автомашина бошқаргани учун маъмурий жавобгарликка тортилган.

Қайд этилишича, маст ҳолда машина бошқарган ёки маст ҳолда машина бошқарганликда гумон қилинганда текширувдан ўтишдан бош тортган давлат идораси ходимлари орасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ёки назорат қилувчи идораларнинг масъул мансабдор шахслари ҳам борлиги маълум қилинган.

Top