Қизиғи, форматлар ўзгармаган бўлса-да, бу мавсумда Европа Лигаси плей-оффлари анча қизийдиган бўлиб турибди. ЕЧЛ гуруҳ босқичи бизга жуда кўп сюрпризларни тақдим этди ва бир қатор топ-клублар гуруҳда 3-ўринни олиб, Европа Лигасига ўтиш хавфи остида қолган. Келинг, анча чигал гуруҳлардаги вазиятларга эътибор қаратамиз.
БАРСЕЛОНА
“Реал” қаторасига 31-маротаба гуруҳ босқичини муваффақиятли ҳал қилганидан бир кун ўтиб, “Барселона” қаторасига иккинчи бор баҳорги ЕЧЛ мусиқасидан мосуво бўлмоқда. Тўғри, жуда кичик бўлса-да, имконият сақланиб қолган, аммо “Кам Ноу”да “Интер”ни ютмасдан туриб, плей-оффдан умид қилиш мўъжизани исташ билан тенг эканини жамоанинг ўзи ҳам сезди чоғи, ўйин чинакам плей-офф баҳсига айланиб кетди.
5-тур олдидан “Барселона” “Интер”дан 3 очко кам жамғарган. Муҳим нуқта – очколар тенг бўлиб қолган тақдирда, ўзаро ўйинлардаги устунлик (1:0, 3:3) туфайли “Интер” гуруҳда юқорида жойлашади. Ҳар икки жамоада иккитадан ўйин қолган – “Виктория” ва “Бавария”га қарши. Демак кўриниб турибдики, вазият фақат “Бавария” билан ўйинларга боғланиб қолмаган. Агар кейинги турда “Интер” ўз майдонида “Виктория” устидан ғалаба қозонса, тамом, “Барселона” билан орадаги 3 очколик масофа сақланиб қолинади. Сўнгги турда қандай натижалар қайд этилишидан қатъи назар “Барселона” италияликларни қувиб ўта олмайди.
Энди, “Барселона” кейинги босқичга чиқиши ҳар икки ўйинида ғалаба қозониши, шу билан бирга “Интер”нинг қолган 2 ўйинда 3 очко олмаслигидан умид қилиши лозим бўлади. Кеча ўзаро ўйинда ғалабани қўлдан чиқарган Хави шогирдлари номи “ғалаба” маъносини берувчи чех клубига барча умидни боғлашга мажбур бўлиб қолишди.

ЮВЕНТУС
Туринликлар ниҳоят Аллегрини истеъфога чиқариши кутилганди, лекин “Маккаби”дан мағлубиятдан сўнг ҳам ЕЧЛ гуруҳ босқичидан ўтиш учун математик имконият сақланиб қолгани туфайлидир балки, сабр қилишмоқда. Имконият эса, ростдан ҳам фақат математик.

H гуруҳини “ПСЖ” ва “Бенфика” 8 тадан очко тўплаб бошқаришмоқда. “Ювентус”да эса, атиги 3 очко бор. Кейинги икки турда “Ювентус” “Бенфика” билан сафарда ва “ПСЖ” билан ўз майдонида ўйнайди. Туринликлар ҳар икки ўйинда ўз фойдасига ҳал қилиши ва ё “ПСЖ” ёки “Бенфика”нинг “Маккаби” билан ўйинда қоқилишини кутиши лозим бўлади. Ўзаро ўйинларда “Ювентус” ҳар икки рақибига ҳам 1:2 ҳисобида имкониятни бой берган. Демак ўзаро ўйинларда устунлик таъминлаш учун албатта, каттароқ ҳисобларда ютишига тўғри келади ҳам. Акс ҳолда, “ПСЖ” ёки “Бенфика” “Маккаби” билан очко йўқотган (дуранг) тақдирда ҳам, тўплар нисбатига кўра, “Ювентус”дан юқорида жойлашиши мумкин. Хуллас, “жой йўқ”, деб қўя қолган яхши, тўғрими?


























