Сафарбарликдан қочиб келаётган муҳожирлар – Ўзбекистон иқтисодиёти ва инфратузилмасига юкми ёки имконият? Нарх-наво ошиши ҳақидаги хавотирлар қанчалик ўринли?

Kun.uz шу каби саволлар юзасидан иқтисодчилар Отабек Бакиров ва Миркомил Холбоевга мурожаат қилди.

Нархлар кутилмаларга боғлиқ, етарли маълумотнинг йўқлиги эса кутилмаларни ёмонлаштиради

Отабек Бакиров:

— Статистика қўмитамиз Ўзбекистонга туристик мақсадларда келаётган муҳожирлар сони ҳақидаги маълумотларни давлатлар қирқимида ҳар ойда бериб боради. Албатта, бу Россиядан келаётган муҳожирларнинг барчасини ифодаламаса ҳам, қанақадир сигнал беради. Унга кўра, сентябр ойида 78,2 минг россиялик Ўзбекистонга кириб келган. Агар маълумотлар очиқланган биринчи ой – апрел билан солиштирсак, Ўзбекистонга турист мақомида кириб келувчи россияликлар сони тахминан 2,7 баробарга ошган.

Бу – жами кириб келувчиларнинг қанча қисми экани ҳақида бир нарса дея олмайман. 1 октябрдан 10 октябргача яна қанча россиялик, хусусан, сафарбарликдан қочиб Ўзбекистонга кириб келгани номаълум.

Агар статистика сифатли ва чуқур бўлса, аҳоли ва бизнес ўзига керакли сигналларни ола олади. Қўлимизда сифатли маълумотлар бўлмас экан, тўғри баҳолашларни тасаввур қила олмаймиз. Тасаввур қилсак ҳам, катта хатоликларга йўл қўйишимиз мумкин.

Кириб келаётган муҳожирлар ўртасида сўровлар уюштириш, анкеталар воситасида уларнинг ёш, жинс, даромад таркиби кабиларни аниқлаш мумкин. Бу нарсалар нима учун керак? Нархларнинг шаклланишида кутилмаларнинг ўрни ҳаддан ташқари юқори. Энг тўғри пул-кредит сиёсати юритилса ҳам, рақобатли бозор шароити мавжуд бўлса ҳам, агар кутилмалар ёмон бўлса, нархлар ошишда давом этиши мумкин.

Кутилмалар қачон ёмон бўлади? Етарли ахборот мавжуд бўлмаган ҳолатда кутилмалар ёмон бўлади. Кузатаётган бўлсангиз, айниқса шундан манфаатдор одамлар: “Тошкентга 100 мингта одам келибди, шунинг учун нархлар 3 баробар кўтарилиб кетибди”, деган гапларни тарқатади. Аслида эса 100 минг эмас, ҳаттоки 10 мингта одам ҳам келмаган бўлиши мумкин.