Самарқанд вилояти ИИБ берган маълумотга кўра, 30 ёшли фуқаро Ж.Муротов Lacetti бошқарувини йўқотган ва йўлнинг қарама-қарши йўналишларини ажратиб турган металл тўсиққа бориб урилган. Натижада, ҳайдовчининг ўзи ҳамда тўрт нафар йўловчи воқеа жойида вафот этган.

Kun.uz мухбири воқеа жойидан репортаж тайёрлади.

 

Биз ижтимоий тармоқларда кўрган видеотасвирларда йўлни иккига ажратиб турувчи темир тўсиқ машинанинг ўртасидан тешиб ўтганига гувоҳ бўлдик. Воқеа жойида бўлганимизда, темир тўсиқ қурилиши давом этаётгани ва негадир қарийб 700-800 метр жой ташлаб кетилгани эътиборимизни тортди. Бу ҳолат табиийки, ҳаракатланиб бораётган ҳайдовчига йўлнинг қолган қисмида ҳам темир тўсиқлар йўқ, деган тахминни берган. Шу сабабли у йўлнинг ўртароқ қисмида ҳаракатланган. Қолаверса, катта эҳтимол билан ўша куни кўча ёритилмагани сабабли ушбу фожиа содир бўлган.

ИИБ ахборот хизмати таъкидлаганидек, ҳайдовчининг тезлиги юқорилиги ҳам воқеанинг нохуш ҳолатда якун топишига сабаб бўлган.

Ушбу йўналишда темир тўсиқлар ўрнатилганига, йўл таъмирланганига ҳали унча кўп вақт бўлмади. Шу сабабли йўл белгилари ҳали тўлиқ ўрнатилган эмас. Автомобилларнинг йўлда қайрилиб олиши ёки тезлик ва тақиқлар билан боғлиқ белгиларга кўзингиз тушмайди.

14 октябр куни соат 18.00 да ушбу йўналишда тунги чироқлар ёнди. Гувоҳларнинг айтишича, фожиа содир бўлган кунда тунги чироқлар ишламаган. Самарқанд вилояти ИИБ томонидан тайёрланган лавҳада ҳам бунинг тасдиғини кўришимиз мумкин.