Киев марказидаги Шевченко районидаги портлашлар ҳақида шаҳар мэри Виталий Кличко хабар берди. «Ҳаво тревогаси эълон қилинди. Бошпаналарда қолинг!» деб ёзди у ўзининг телеграм-каналида. 

Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак пойтахтга камикадзе дронлар орқали ҳужум қилинганини маълум қилди.

«Россияликлар бу уларга ёрдам беради деб ўйлаяпти, аммо бундай ҳаракатлар ўлим талвасасига ўхшайди. Бизга кўпроқ ва имкон қадар тез фурсатда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари керак. Бизда секин ҳаракатланишга вақт йўқ. Осмонни ҳимоя қилиш ва душманни йўқ қилиш учун кўпроқ қурол. Шундай ҳам бўлади», деб ёзди у телеграмда. 

Reuters агентлиги хабарига кўра, дронлар марказий темирйўл вокзали атрофига келиб тушган, бу бир қанча ёнғинлар келтириб чиқарган ва турар жойларни шикастлаган.

Кличконинг ёзишича, ҳужумлар натижасида Киевнинг Шевченко туманида турар жой биносида портлаш рўй берган. 18 киши қутқарилган, икки киши ҳалок бўлган. Харобалар орасидан одамларни қидириш ишлари олиб борилмоқда.

Украина президенти Володимир Зеленский турар жой биноларидан бири жиддий шикастлангани акс этган видеони намойиш этди. «Тун бўйи ва тонг отганида душман тинч аҳолини террор қилишда давом этди. Бутун Украина бўйлаб камикадзе дронлар ва ракеталар ҳужум қилмоқда. Киевда аҳоли турар жойига зарба келиб тушди», дея ёзди Зеленский телеграм-каналида.

Россия мудофаа вазирлигининг ўтган кун охиридаги ҳисоботида «ҳарбий бошқарув объектлари ва Украина энергетика тизимлари»га зарбалар берилгани маълум қилинганди. Бугунги ҳужумлардан кейин ҳам вазирлик «Украина энергетика объектлари ва ҳарбий бошқарув пунктларига юқори аниқликдаги зарбалар» йўлланганини маълум қилди.

Ўтган ҳафта бошида Россия Украинанинг турли ҳудудлари, жумладан Киевдаги инфратузилмаларга қанотли ракеталар ва учувчисиз учар қурилмалар билан ёппасига зарбалар берганди. Кейинги куни ҳам зарбалар давом этди, аммо интенсивлик пасайди, Россия ракеталар ўрнига Эрондан сотиб олинган Shahed-136 русумли камикадзе дронлар учира бошлади, Россия армиясида бу қуролларга «Герань-2» номи берилган.