17:56 / 17.10.2022
6653

«Мактабларда аслида ишламайдиган ходимларга иш ҳақи ҳисобланган, маблағлар ўзлаштирилгани аниқланди» – ХТВ

Халқ таълими вазирлиги ички аудит хизмати ўтказилган назорат тадбирларида 12,1 млрд сўм миқдоридаги бюджет маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари аниқланган.

Фото: Бурҳон Аҳмедов, ХТВ Ички аудит бошқармаси бошлиғи

17 октябрь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида 2022 йилнинг ўтган 9 ойи давомида ўтказилган комплекс аудит тадбирлари натижасида 609 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликларнинг олди олинишига эришилгани маълум қилинди. Қайд этилишича, тизимдаги таълим муассасаларида ўтказилган 619 та назорат тадбирларида 64,8 млрд сўмлик молиявий қонунбузилиш (шундан, 12,1 млрд сўмлик ўзлаштириш) ҳолатлари аниқланган.

Жумладан, таълим муассасаларда аслида ишламайдиган ходимларга иш ҳақи ҳисоблаб ёзиш ва ишловчи ходимларнинг ойлик маошларига қўшиб ёзиш йўли билан Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида 836,5 млн сўм, Деҳқонобод туманида 243,8 млн сўм, Косон туманида 233,2 млн сўм, Миришкор туманида 111,1 млн сўм маблағ талон-торож қилингани очиқланди.

Аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чора кўриш мақсадида таркибида жиноят аломатлари бўлган 64,7 млрд сўмлик ўрганиш материаллари ваколатли органларга тақдим этилган.

Ҳисобот даврида молиявий қонунбузилишларга йўл қўйилганлиги учун тизимдаги 285 нафар масъул шахс интизомий жазога тортилган. Чунончи, 201 нафар масъул ходимга нисбатан ҳайфсан эълон қилинган бўлса,

61 нафари жаримага тортилган, 23 нафар масъул ходим эса лавозимидан озод этилган.

Бундан ташқари, вазирлик томонидан жорий йил 1-10 октябр кунлари фуқаролар иштирокидаги аудит тизимида назорат объектларини танлаш жараёни ўтказилди. Натижаларга кўра, Давлат аудит тизимида 107 нафар фуқаро томонидан 53 та назорат объекти учун овоз берилиб, шундан энг кўп маротаба танланган 3 та объектда ноябрь ойида ўрганиш ўтказилиши режалаштирилган.

Top