Тошкентда йўл ҳаракати қоидабузарликларини қайд этиш учун янги камералар синовдан ўтказилаётгани ҳақида хабар бергандик. Янги камералар йўл чизиқларига риоя қилмаслик, тезликни ошириш, уяли телефондан фойдаланиш, хавфсизлик камаридан фойдаланмаслик билан боғлиқ қоидабузарликларни қайд этиб боради.

Йўл чизиқлари билан боғлиқ қоидабузарликларни қайд этиш ва жарима ёзиш учун камерада ушбу чизиқлар кўриниши керак. Аммо афсуски йўлларимизда бу масала рисоладагидек деб бўлмайди. Ҳатто пойтахт кўчаларининг аксариятида йўл чизиқлари кўринмайди, янгиланганлари ҳам узоққа бормайди.
Ижтимоий тармоқларда пойтахтдаги чорраҳаларга ўрнатилган айрим камералар қоидабузарликни қайд этиши учун фақатгина камера кўра оладиган масофада йўл чизиқлари чизиб чиқилгани, йўлнинг қолган қисмидаги ўчиб кетган чизиқлар янгиланганмагани акс этган суратлар тарқалди.
Шундай ҳолатлардан бири Чилонзор туманида Кичик ҳалқа йўли ва Тахтапул кўчаси кесишмасида аниқланди. Тасвирлардан кўриш мумкинки, йўл чизиқлари фақатгина камера кўра оладиган масофада чизиб чиқилган. Йўлнинг қолган қисмидаги йўл чизиқлари деярли кўринмайди, яъни эски ҳолатида қолган. Қарама-қарши йўналишда эса йўл чизиқлари умуман кўринмайди.

Чорраҳадаги чизиқларни кўриб улар камераларнинг қоидабузарликларни қайд этиши учунгина чизилган деган хулосага келиш мумкин.
Худди шундай ҳолатни пойтахтнинг Олмазор тумани Шифокор кўчасида ҳам учратдик. Аслида ушбу жараён акс этган сурат ижтимоий тармоқларда тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлганди. Чунки бу ерда ҳам йўл чизиқлари худди Чилонзордаги каби фақатгина камера кўра оладиган масофада чизиб қўйилган. Қолган қисмидаги чизиқлар эса ўчиб кетган.














