Magic City'да жойлашган “Chaman armenian food” ресторани иш юритувчиси ва мижоз ўртасидаги ёзишма муҳокамаларга сабаб бўлди. Унда рестораннинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини юритувчи шахс маҳаллийчиликка йўл қўйгани акс этган.

“Биз минимал буюртмаларни қабул қила олмаймиз. Чунки ижарага берувчиларнинг шартлари асосида ишлаймиз ва кафе форматида ишламаймиз. Бу ресторан ва бу ерда ҳамма нарса қиммат. Агар биз бу тизимни бекор қиладиган бўлсак, сиз қашқадарёликлар билан қўшни столда ўтиришингизга тўғри келади. Афсуски, бу биз учун фойда келтирмайди”, деб таъкидлайди ресторан иш юритувчиси мижоз билан ёзишмасида.

Мижознинг: “Қашқадарёликларга нима қилибди?” деган саволига жавобан у: “Бу одамлар ресторан учун эмас” деб ёзган.

 “Chaman armenian food” ресторани иш юритувчисининг мижоз билан ёзишмасидан скриншот.
Фото: Ижтимоий тармоқлар

Бу ёзишма интернетда тарқалгач, қизғин муҳокамага ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг норозилигига учради. Тармоқда ресторанни бойкот қилиш, маҳаллийчиликка йўл қўйган шахсларни жавобгарликка тортишга чақириқлар пайдо бўлди. Шундан кейин жараёнга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар аралашди.

Чилонзор тумани ИИО ФМБ ўтказган текширувда ресторан ходими маҳаллийчиликка йўл қўйгани тасдиқланган. Ресторан бошқарувчиси Багран Худаян ички ишлар органига чақирилиб, ундан рўй берган ҳолат бўйича изоҳ олинган. Масъул шахс ўз тушунтиришида хатога йўл қўйилганини тан олган.

Тошкент шаҳар ИИББ Telegram-канали ва UzReport TV'да эълон қилинган видеодан лавҳа. Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

“Эгилган бошни қилич кесмайди. Чунки биз хато қилганмиз. Нотўғри гап биздан чиқди. 30 йилдан бери шу ерда яшайман. Шу ернинг сувини ичиб, нонини еб келаман, буларнинг барчаси учун раҳмат дейман. Мана шу ресторанда бир йилдан бери ишлаяпмиз. Ҳар хил вилоятлардан мижозларимиз бор, келганларнинг ҳаммаси биздан хурсанд бўлиб кетган. Бунақа гапни бу кунгача ҳеч ким эшитмаганди. Ўзбек халқидан минг бор узр сўрайман. Бу мен учун сабоқ бўлди”, дейди Баград Худаян ички ишлар органида берган тушунтиришида.