Вазирлар Маҳкамасининг «Кўчма савдо фаолиятига замонавий ахборот технологияларини янада кенг жорий этиш ҳамда савдо автомати орқали чакана савдо фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарори қабул қилинди.
Эндиликда давлат органлари ва ташкилотларига, ободонлаштириш ва йўл ташкилотларига, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилган ҳамда вақтинча фойдаланилмаётган ер участкалари, туман (шаҳар) захирасидаги ер участкалари K-SAVDO тизими орқали E-auksion электрон савдо платформасида кўчма савдо объектини жойлаштириш учун тадбиркорларга электрон онлайн-аукцион орқали 3 йилгача (етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлашда фойдаланиладиган енгил конструкцияли кўчма музлатгичлар учун кўпи билан 10 йилгача), мавсумий кафеларни ўрнатиш учун ижарага берилиши мумкин.
Кўчма савдо объектлари тоифасига 100 квадрат метр майдондан кўп бўлмаган лотоклар, палаткалар, савдо аравалари, пештахталар, автодўконлар, автотиркамалар, автоцистерналар, фудтраклар, тонарлар, савдо автоматлари, мобил контейнерлар, енгил конструкциялар ва шунга ўхшаш бошқа кўчма савдо объектлари кириши белгиланмоқда.
Илгари кўчма савдо объектларида фақатгина ўтириш жойлари ташкил этмасдан, доналаб сотиладиган таомларни сотиш мумкин бўлган бўлса, эндиликда кичик ошхоналар ташкил этишга рухсат берилди.
Маълумот учун, кичик ошхона — истеъмолчиларга осон тайёрланадиган таомлар, қайноқ ва салқин ичимликлар билан жадал хизмат кўрсатишни ташкил этувчи корхона. Сотиладиган маҳсулотлар турига кўра кичик ошхоналар қуйидагиларга ихтисослашган бўлиши мумкин: кабобхона, паловхона, сомсахона, чучварахона, чебурекхона, пирожкахона, блинчикхона ва шу кабилар.
Кўчма савдо объектларида қуйидаги фаолиятга рухсат берилмоқда:
- етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини енгил конструкцияли кўчма музлатгичларда сақлаш ва сотиш;
- енгил турдаги транспорт воситаларини (енгил автомобиль, велосипед, самокат, скутер ва бошқалар) ижарага бериш ва таъмирлаш хизматлари;
- электромобилларни зарядлаш;
- сартарошлик хизматлари;
- косметолог хизматлари;
- пойабзал таъмирлаш хизмати;
- маиший техника воситаларини таъмирлаш хизмати;
- калит ясаш хизмати.














