«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, Анқарада Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Туркия Савдо вазирлиги ўртасида савдо масалалари бўйича ишчи гуруҳнинг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Музокараларда амалдаги тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, маҳсулотларни икки давлат бозорига олиб кириш шартларини енгиллаштириш чоралари кўриб чиқилди. Қишлоқ хўжалиги, электротехника ва енгил саноат маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар техник тартибга солиш, стандартлаштириш ва маҳсулотларнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини баҳолаш соҳаларидаги ҳамкорликни ҳам муҳокама қилди. Хусусан, мувофиқлик сертификатларини ўзаро тан олиш ва божхона тартиб-қоидаларини соддалаштириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Электротехника маҳсулотларига қўйиладиган техник талаблар ва уларнинг мувофиқлигини баҳолаш билан боғлиқ масалаларни тезкор ҳал қилиш учун соҳа мутахассисларидан иборат техник ишчи гуруҳ тузишга келишилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимнинг кенгайтирилган таҳририни имзолаш юзасидан техник маслаҳатлашувлар ўтказилди.
Йиғилиш якунида эришилган келишувларни акс эттирувчи баённома имзоланди.














