“Озиқ-овқат саноатида пальма ёғидан фойдаланишни тартибга солиш ва аҳолини сифатсиз ўсимлик мойларини истеъмол қилишдан ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати:

Ўзбекистонга олиб кирилаётган пальма ёғига ҳамда таркибида пальма ёғи ва ёғ кислоталари транс изомерлари мавжуд бўлган маҳсулотларга санитария-эпидемиологик хулоса расмийлаштириш давомида синов лабораторияларида пальма мойи ва унинг фракцияларини амалдаги техник регламент ва стандартларга асосан синовдан ўтказишни йўлга қўяди;

лабораторияларни пальма ёғи ва унинг фракцияларини амалдаги техник регламент ва стандартларга асосан синовдан ўтказиш учун зарур асбоб-ускуналар билан таъминлаш, текшириш усулларини жорий қилиш ва аккредитация доирасини кенгайтириш чораларини кўради.

Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати республикага олиб кириладиган, реализация қилинадиган пальма ёғи устидан белгиланган тартибда самарали назоратни йўлга қўяди.

Давлат солиқ қўмитаси пальма ёғи ва унинг фракцияларини идентификация воситалари билан мажбурий рақамли маркировкалаш талаби жорий қилинадиган маҳсулотлар рўйхатига киритиш ҳамда мажбурий маркировкалаш тизимини самарали жорий қилиш бўйича таклиф киритади.

2022-2023 йиллар давомида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, манфаатдор вазирлик ва идоралар қуйидагилар бўйича илмий лойиҳаларни танловлар асосида шакллантиради:

  • пальма ёғининг озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигига таъсирини ўрганиш;
  • носоғлом овқатланиш туфайли юзага келадиган юқумли бўлмаган касалликлар олдини олиш;
  • таркибида пальма ёғи ва ёғ кислоталари транс изомерлари мавжуд бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишнинг рухсат этилган меъёрларини белгилаш;
  • профилактик хусусиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари технологияларини ишлаб чиқиш.