Ўзбекистон | 16:27 / 24.10.2022
1362
2 дақиқада ўқилади

Владимир Норов Сеулда Пан Ги Мун билан учрашди

«Марказий Осиё – Корея Республикаси» 15-ҳамкорлик форумида иштирок этиш учун Сеул шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Глобал яшил ўсиш институти (GGGI) ассамблеяси раиси, БМТ собиқ бош котиби Пан Ги Мун билан учрашди.

Фото: Dunyo

Учрашувда Ўзбекистон ва Глобал яшил ўсиш институти ўртасидаги ҳамкорлик бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. 2022 йил февраль ойида Ўзбекистонда GGGI ваколатхонасини очилгани муҳимлиги таъкидланди. Бу илғор халқаро тажриба, Жанубий Корея тажрибасига асосланган ҳолда иқлим ўзгариши жараёнларини жиловлаш, «яшил» технологиялар ва «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш, саноатни декарбонизация қилиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун кенг имкониятлар очади.

Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ва GGGI ўртасидаги келишувга мувофиқ, бугунги кунда қиймати 5,9 миллион АҚШ доллари бўлган Орол денгизи инқирози оқибатларини бартараф этиш учун Оролбўйи минтақасини яшил қайта тиклашга йўналтирилган лойиҳа амалга оширилмоқда. Оролбўйида «яшил» агросаноат ва қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Пан Ги Мун Марказий Осиё экологик муаммоларидан яхши хабардор эканини, Оролбўйида бир неча бор бўлганини, Орол денгизи қуриши фалокатли оқибатлари билан шахсан танишганини таъкидлади.

У Ўзбекистон президенти томонидан илгари сурилган кенг кўламли «яшил макон» умуммиллий ташаббуси, мамлакатда қабул қилинган «яшил» иқтисодиётга ўтиш бўйича стратегия ҳамда қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш дастурига алоҳида эътибор қаратди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид