Ўзбекистон | 09:41 / 25.10.2022
9201
2 дақиқада ўқилади

Ғафур Ғулом боғи “Dream Park” номи билан қайта очиляпти

Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги Ғафур Ғулом боғида таъмирлаш ишлари тугатилиб, тест режимида фаолияти синаб кўриляпти. Бу ҳақда Чилонзор туман ҳокимлиги хабар бермоқда.

Фото: Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғи маъмурияти

Туман ҳокимлиги хабарига кўра, боғда пиёдалар сайр қилиш ва югуриш йўлакларига жой бўшатиш учун, аттракционлар камайтирилган, боғ барча раста, кафе ва кабоб тайёрлайдиган жойлардан тозаланган. Эътибор ландшафт дизайнига қаратилиб, максимал даражада табиийлик сақлаб қолинган. Асосийси, боғдаги дарахтлар тўлиқ сақланиб қолинган ва суғориш тизими тўлиқ ўзгартирилган.

“Биз фақатгина пойтахтнинг энг йирик яшил ҳудудларидан бирини сақлаб қолишни эмас, балки ҳудудни янги ва турли дарахтлар, буталар ва гуллайдиган ўсимликлар билан тўлдиришни ҳам ўз олдимизга вазифа сифатида қўйгандик”, – деган боғ директори ўринбосари Зафар Мирзаулуғов.

Шунингдек, хабарда айтилишича, боғ ҳудудида жойлашган 2та кўл тўла таъмирланиб, гидротизимлар тўлиқ ўзгартирилган, кўллар атрофида пляж зоналари ва табиат қуршовида дам олиш учун жойлар яратилган. Кўлларнинг бирида қайиқ ва катамаранлар сақлаб қолиниб, иккинчи кўл эса ўрдаклар учун ажратилган.

Маълумот учун, Ғафур Ғулом маданият ва истироҳат боғи 2019 йил март ойида реконструкция ишлари сабаб ёпилган эди. Кейинроқ 2020 йил июл ойида Тошкент шаҳар ҳокимлиги боғни модернизация қилиш ишлари 49 йилга “BMP Smart Decision Private Limited” хориж компаниясига топширилганини маълум қилинганди. Бундан олдин боғ очилиш вақти сифатида 2022 йилнинг ёзи, кейинроқ сентябри кўрсатилиб, охирги марта эса боғ қишда тўлиқ очилиши мумкинлиги айтилганди.

Мавзуга оид