Сентябрь ойи бошида Харкив вилоятининг Балаклия шаҳридан чекинаётган россиялик ҳарбийлар ўзларининг собиқ бош қароргоҳида «минглаб» саҳифали ҳужжатларни қолдиришди, деб хабар бермоқда Reuters. Агентлик ходимлари ушбу ҳужжатларни ўқиб чиқдилар ва натижада нима ўрганганлари ҳақида батафсил мақола чоп этишди.

Кўриб чиқилган ҳужжатлар орасида РФ Қуролли кучлари номаълум офицерининг фронтдаги вазиятни тасвирлайдиган дафтарлари, шунингдек, суҳбатлар ёзувлари, командирларнинг ёзма ҳисоботлари ва рус бўлинмаларининг координаталари мавжуд. Reuters журналистлари Украина шарқидаги ишғол қилинган аҳоли пунктларидаги ушбу манзилларга бориб, маълумотларнинг ҳақиқийлигини текширишди – маҳаллий аҳоли Россия Қуролли кучлари бўлинмалари ва россияпараст айирмачилар ҳақиқатан ҳам у ерда жойлашганини тасдиқлашди.

Ўрганилган ҳужжатларга кўра, Балаклиядаги рус қўшинлари қўмондони полковник Иван Попов бўлиб, у илгари Чеченистон ва Грузияда жанг қилган. Балаклия гуруҳининг бошқа юқори мартабали офицерлари сингари, Попов Болтиқ флотининг 11-армия корпусида хизмат қилади. Унинг рафиқаси Reuters агентлигига Украинадаги жангларда у яралангани ва бир ой касалхонада ётганини, шундан сўнг генерал унвонига эга бўлганини айтди.

Ҳужжатларда, шунингдек, Балаклия ҳарбий коменданти «В. Гранит» ҳақида эслатиб ўтилади - агентлик бу тахаллус деб ҳисоблайди (июнь ойида у Харкив Коррупцияга қарши кураш маркази томонидан «Балаклиянинг оккупацион ҳокимияти: тафсилотлар» материалида тилга олинган). Агентликнинг ёзишича, ҳибсга олинган маҳаллий аҳолининг қариндошлари «Гранит»дан уларни қўйиб юборишни бир неча бор сўраган, бироқ ҳар сафар рад жавоби берилган. Харкив полицияси Балаклия полиция бўлими биносида «қийноққа солинадиган хона» ташкил этилганини, у ерда маҳбусларнинг кўрсатмалари калтаклар орқали олинганини аниқлади.

Балаклиядаги РФ Қуролли кучларининг қўмондонлик пункти собиқ автоуловларни таъмирлаш устахонасида жиҳозланган. 6-8 сентябр кунлари шаҳарни деоккупация қилиш пайтида Украина Қуролли кучлари бинога бир неча мақсадли зарбалар бериб, унинг ер қисмини вайрон қилган. Айни пайтда ўнлаб россиялик ҳарбийлар ҳалок бўлди, деб ёзади агентлик. Ҳужжатлар зобитлар йиғилиш ўтказган ертўладан топилган. Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, рус ҳарбийларини эвакуация қилиш «тартибсиз» кечган. Шаҳардан чиқиш жойида тирбандлик юзага келган.

Балаклияда ташлаб кетилган ҳужжатлардан маълум бўлишича, июль ойи охирида Украинанинг қарши ҳужуми кутилган, деб ёзади Reuters. 19 июль куни рус зобити ўз эслатмаларида Харкив вилоятидаги Граково шаҳри учун жанглар ҳақида гапирган, уни руслар фақат катта йўқотишлар эвазига ютишга муваффақ бўлишди. 21 июль куни Попов ФХХдан Украина Балаклия вилоятига учта HIMARS ракетасини етказгани, шунингдек, қўмондонлик пункти ва тўртта омборхона жойлашганлиги ҳақида хабар олди.