Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқовнинг газ таъминотидан узилган иссиқхоначилар борасида масъуллар билан ўтказган йиғилиши аудиоси тарқалди.

Маълум бўлишича, администрация раҳбари иссиқхоналарни газдан узиб қўйган масъулларнинг ҳаракатини “зўравонлик” деб баҳолаб, бу орқали бор-йўғи 1,5 фоиз газ иқтисод қилиниши, лекин экспорт ва иш жойлари “ўлдирилгани”ни таъкидлаган.

“Тошкентга келган кечаги тадбиркорлар ҳудудлардаги газ таъминоти ташкилоти томонидан умуман огоҳлантиришсиз [газдан узилган]… Ҳозир улардан сўрасангиз, огоҳлантирганмиз, дейди. Қандай огоҳлантиргансизлар: бориб огоҳлантириб, шартта газни узган. Энг ёмони, кўп тадбиркорларимиз газнинг пулини олдиндан тўлаб қўйган. Бу ҳаққоний ва адолатли эътирозларни вужудга келтирди. Яна тадбиркор ёмон, ким яхши унда? Зўравонлик қилган пастдаги газнинг ходимчаси яхшими?

Энг заиф ва жавоб беролмайдиган қатламни қурбон қилишга аҳд қилдик. Майли, 1,5 фоиз газни иқтисод қилдик, бунинг ҳисобига экспортни ва иш жойларини «ўлдирдингиз», кредитини тўлолмай, тадбиркор банкротга учрайди. [Кейин] нима қилади булар? Ким буларга жавоб беради? Мен бекорга ҳозир ДХХ раҳбарларини ҳам чақирмаганман. Бу давлат хавфсизлигига таҳдид қиляпти ёки нотўғрими? Эртага экспортни давлатга ким тиклаб беради? Тадбиркорга даромадини ким тиклаб беради, ким кредитини қайтариб беради?” – деган Умрзоқов.

Йиғилишида айтилишича, 4 та вилоят – асосан Бухорода, шунингдек Навоий, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида иссиқхоналар газдан узилган.

Сардор Умрзоқов Президент администрациясининг назорат инспекцияси бошлиғи Саидлазиз Саидкаримов, Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Баҳодир Турабов ва бош прокурор Ниғматулла Йўлдошевга топшириқ берган:

“Сизларга топшириқ – мана шу 4 та вилоятнинг “Ҳудудгаз” бошқармаси бошлиқлари қилган ишларни ўрганасизлар. Нимага асосан қилди, фаолиятини текшириб берасизлар.

Агар битта кичкина жиноят аломати бўлса, сўрамасдан жиноий жавобгарликка тортасизлар. Қонун доирасида. Менга ёзиб берибсизлар, огоҳлантириш, ҳайфсан… “Проста так” бирортаси қутулмаслиги керак. Агар кўрсатмани раҳбарига [қарши] берса, раҳбарини ҳам [жавобгарликка] тортасизлар. Раисми, муовинми, ким бўлишидан қатъи назар”, – деган администрация раҳбари.

Сардор Умрзоқовнинг сўзларига кўра, газдан узилган иссиқхоналар орқали 10 мингга яқин аҳоли доимий даромад ва иш ўрни билан таъминланган бўлган.