26-27 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон-Россия учинчи таълим форумида икки давлат томонидан 200 нафардан ортиқ олий таълим муассасалари раҳбарлари, ишлаб чиқариш компаниялари вакиллари, вазирлик ва идоралар масъуллари қаторида Самарқанд давлат тиббиёт университети раҳбарияти ҳам иштирок этди.
Форумда мамлакатимиз олий ўқув юртлари билан Россия ишлаб чиқариш секторлари ўртасида интеграцияни йўлга қўйиш, муҳандислик, энергетика, кимё саноати соҳаларида кадрлар тайёрлаш, малака ошириш ва илмий фаолиятдаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Форум якунида 100 га яқин ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Шу жумладан Самарқанд давлат тиббиёт университети томонидан Россиянинг бир қатор олийгоҳлари ва ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш борасида самарали музокаралар олиб борилди.

Форум доирасида Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори Жасур Ризаев Санкт-Петербург губернатори ўринбосари Олег Эргашев, бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашув давомида илмий ва даволаш соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ҳамкорлик меморандумини имзолаш ҳақида келишиб олинди.

Шу куни Самарқанд давлат тиббиёт университети ва И.Кант номидаги Балтика федерал университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми ҳамда “Тиббиёт соҳасида сунъий интеллектни қўллашни ривожлантириш” ва “Жигарнинг инфекцион касалликларида тиббиёт технологияларини шахсийлаштиришни ўрганишга йўналтириш” соҳаларида келишув шартномалари имзоланди.

Шунингдек, 28 октябр куни Жасур Ризаев ҳамда Б.Б. Городовинков номидаги Қалмиқ давлат университети (РФ) ректори Бадма Салаев ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
















