Олимпиадада жаҳоннинг ўнга яқин давлатларидан жумладан, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия, Туркия, Озарбойжон, Белоруссия ва Украина давлатларининг 84 та тиббиёт олийгоҳларидан офлайн тарзда 670 нафар ва онлайн тарзда 4141 нафар талабалар, хорижий тиббиёт муассасалари ректорлари ҳамда 80 нафарга яқин профессор-ўқитувчилар иштирок этди.

Олимпиаданинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори Жасур Ризаев 4-марта ташкил этилаётган мазкур нуфузли мусобақа нафақат талабалар ва ёш тадқиқотчиларнинг билим ва малакаларини синовдан ўтказиш ва уларни муносиб тақдирлашга балки, халқаро дўстона муносабатларнинг янада мустаҳкамланиши ҳамда тиббиёт соҳасида жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари билан янгидан янги ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилишига замин яратишини таъкидлаб, барча олимпиада иштирокчиларига омад тилади.

Очилишнинг кейинги қисми байрамона руҳда давом этиб, қизиқарли чиқишлар ва куй-қўшиқлар барча иштирокчиларга юқори кайфият улашди.

Олимпиада доирасида бир гуруҳ хорижий давлат ОТМ профессор ўқитувчиларига СамДТУ ректори Жасур Ризаев томонидан университетнинг “Фахрий профессори” унвони ҳамда Соғлиқни сақлаш Вазирлиги ташаккурномалари топширилди.

Жумладан, Беларус давлат Халқлар дўстлиги орденли Витебск давлат тиббиёт университети ректори Алексей Чукановга “Самарқанд давлат тиббиёт университети фахрий профессори” унвони; Ирина Беленова, Санкт Петербург Соғлиқни сақлаш қўмитаси раиси ўринбосари Алексей Терешин, Туркия Соғлиқ билимлари университети ректори Камалеттин Айдинларга Соғлиқни сақлаш Вазирлиги ташаккурномалари топширилди.

Шунингдек, СамДТУ талабалари учун чет эллик ва республикамизнинг етакчи мутахассислари томонидан замонавий тиббиётда фундаментал фанлар, илмий тадқиқот усуллари ва бошқа долзарб масалаларга бағишланган 30га яқин мастер-класслар, бакалавр, магистр ҳамда клиник ординаторлар учун хорижий тиббий ОТМлари ректорларининг маърузалари ҳам ташкил этилди.