Шу йилнинг октябрь ойида мен Тошкентга ташриф буюрган эдим. Биз улкан ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда давом этаётган мамлакат раҳбарияти билан сермаҳсул музокаралар ўтказдик. Мулоқот давомида давлат расмийлари камбағалликка барҳам бериш ва фуқаролар ҳаёти фаровонлигини ошириш бўйича чораларни давом эттиришар экан, яқин келажакда Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги стратегик ҳамкорлик янада мустаҳкамланиб бориши таъкидланди.

Бу ҳафта мен яна мамлакатга қайтяпман. Биз Самарқандда бўлиб ўтадиган II Ўзбекистон Иқтисодий форуми иштирокчилари билан жаҳон иқтисодиётига таъсир кўрсатаётган амалдаги инқирозлар оқибатларини, шунингдек ушбу инқирозли вазият оқибатлари билан самарали курашиш ва инклюзив бозор иқтисодиётини қуришда давом этиш учун муҳим бўлган чора-тадбирларни муҳокама қиламиз.

Ўзбекистон сўнгги 5 йил ичида амалга оширилган бозор ислоҳотлари натижасида ижтимоий-иқтисодий соҳаларда муваффақиятларга эришди. Мамлакат 2030 йилгача аҳоли жон бошига даромади ўртачадан юқори давлатлар қаторига кириш каби улкан мақсадларига эришиши учун ўсишнинг амалдаги суратларини сақлаб қолиши лозим.

Афсуски, Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги бошқа мамлакатларда бўлгани каби, COVID-19 пандемияси инқирозидан кейин Ўзбекистоннинг иқтисодий тикланиш жараёни Украинадаги уруш натижасида янада мураккаблашди. Жаҳон банкининг ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилда Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги инфляция ошишига олиб келувчи озиқ-овқат ва энергетика нархлари кўтарилиши фонида шаклланаётган бозорлар ва ривожланаётган мамлакатларда ЯИМ 0,2% га қисқаради. 2023 йилда минтақа иқтисодиётида ўсиш кузатилади, бироқ унинг суратлари пастлигича қолади ва бу кўрсаткич 0,3% ни ташкил этади.

Бундан ташқари, бизнинг қисқа муддатли прогнозларимизга турли пасайтирувчи хатарлар таъсир кўрсатмоқда. Масалан, хомашё ва истеъмол товарлари нархларининг юқорилиги, Хитой ва Европа иттифоқида иқтисодий ўсиш суръатларининг секинлашиш эҳтимоли, жаҳон банклари фоиз ставкаларининг ошиши ва глобал молиявий бозорларда шартларнинг кескинлаштирилиши. Келажак яна бошқа кўплаб ноаниқликларга тўла, бу эса иқтисодий прогнозлаштириш учун қийинчиликлар туғдиради.