Жорий йилнинг 31 октябр санасида Валдорф (Германия) шаҳрида UzAuto ва дунёдаги энг йирик қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқарувчи John Deere Walldorf GmbH & Co шуъба корхонаси ўртасида ҳамкорлик шартномасини имзолаш маросими бўлиб ўтди. У қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳасидаги илғор билимлар, тажриба ва ноу-хауга эга.

 John Deerе компаниясига 1837 йилда асос солинган бўлиб, у қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш бўйича жаҳонда етакчи ҳисобланади. Компанияда 75 мингдан ортиқ ходим ишлайди. 2021-йил якунига кўра, компаниянинг соф даромади 44 млрд. АҚШ долларини, соф фойда эса 6 млрд АҚШ долларини ташкил этган. Компания томонидан R&D’ни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади, биргина, 2021 йилнинг ўзида тахминан 2 млрд АҚШ долларига тенг харажат бўлган.

Имзоланган шартнома доирасида томонлар Ўзбекистон Республикасида John Deere савдо белгиси остида қишлоқ хўжалиги техникасини йиғув ишлаб чиқариш ва реализация қилишни ташкиллаштириш борасида ҳамкорликни келишиб олишди. Бу UzAuto'ни Марказий Осиё минтақасида John Deere техникасини ишлаб чиқариш бўйича ягона ҳамкорга айлантиради. Бу UzAuto'ни Марказий Осиё минтақасида John Deere техникасини ишлаб чиқариш бўйича ягона ҳамкорга айлантиради.

UzAuto томонидан автомобилсозлик корхоналарини бошқаришнинг юқори самарадорлиги, шунингдек, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги кластери трансформациясининг натижадорлиги Ўзбекистон учун манфаатли шартлар асосида ҳамкорлик ўрнатишга имкон яратди.

Томонлар 6140 В русумли тракторлар ва W430 русумли дон йиғиш комбайнларини йиғув ишлаб чиқаришни 25-30%гача маҳаллийлаштириш даражаси билан ташкиллаштириш тўғрисида келишиб олишди. Бундан ташқари, 2026 йилдан бошлаб, Ўзбекистонда John Deere пахта териш комбайнининг янги моделини йиғув ишлаб чиқариш ўзлаштирилади.

Юқорида санаб ўтилган моделларни Чирчиқда яратилган AgroTechClaster ишлаб чиқариш қувватларида йиғув ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш бўйича келишувга эришилгани муносабати билан, компонент ва бутловчи қисмларни ишлаб чиқаришда ноу-хау ва товар белгиларидан фойдаланиш учун эксклюзив ҳуқуқлар тақдим этилади. Ўзбекистонда John Deere қишлоқ хўжалиги техникасининг танланган моделлари савдоси (жумладан, импорт) ушбу корхонага топширилади.

Бу кластерга John Deere қишлоқ хўжалиги техникасини йиғув ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун ишлаб чиқариш майдончасини зарур стандартлар асосида модернизация қилиш имконини беради ва келгусида танланган маҳсулотни хорижга экспорт қилиш имкониятини таъминлайди. Биринчи босқичда маҳаллий ишлаб чиқаришга мансуб техниканинг маълум моделлари экспортини Туркманистон ва Тожикистонга амалга оширишни келишиш режалаштирилмоқда.