Жаҳон | 08:15 / 05.11.2022
9160
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинага янги ёрдам пакети тўғрисида эълон қилди

Америка Қўшма Штатлари Украинага 400 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этади. 

Фото: Wikimedia

Унга Hawk ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, 250 та M1117 зирҳли транспортёрлари, 40 та зирҳли қайиқлар, 1100 та Phoenix Ghost дронлари, шунингдек, Чехия Республикасида сақланаётган 45 та янгиланган совет Т-72 танклари киради, деб хабар берди Пентагон вакили. 

Ажратилган маблағнинг бир қисми Германияда Киевга ҳарбий ёрдам ажратиш, жумладан, ҳарбий кадрлар тайёрлашни мувофиқлаштирувчи штабни ташкил этишга сарфланади.

Бундан олдин Microsoft Украинага техник ёрдам учун яна 100 миллион доллар ажратиши хабар қилинганди.

Украина 2023 йил давомида бутун Европа бўйлаб Microsoft булутли хизматлари ва маълумотлар марказларидан бепул фойдаланиши мумкин, дея маълум қилди технология корпорацияси. 

Microsoft қўшимча технология ёрдами учун қарийб 100 миллион доллар ажратишга ваъда берди, бу эса февраль ойида Россия босқинининг бошланишидан бери Украинага тақдим этилган умумий ёрдами ҳажми 400 миллион долларга етишини англатади. 

Компаниянинг қўллаб-қувватлаши «Украинадаги давлат идоралари, муҳим инфратузилма ва бошқа тармоқларга рақамли инфратузилмани бошқаришда давом этиш ва Microsoft булутли хизматлари орқали фуқароларга хизмат кўрсатиш имконини беради», деб ёзади Microsoft президенти Бред Смит ўз блогида. 

Мавзуга оид