Сайлов кампанияси давомида кенг муҳокама қилинган мавзулардан бири Украинага ҳарбий ва молиявий ёрдам масаласи бўлди. Шу билан бирга, Украинани қандай ҳажмда ва қачонгача қўллаб-қувватлаш кераклиги ҳақидаги баҳслар нафақат демократлар ва республикачилар, балки ҳар икки сиёсий партия ичида ҳам авж олди. Агар республикачилар Конгресс устидан назоратни қўлга киритса ёки Россия ҳарбий тажовузини тўхтатиш бўйича партиялараро консенсусга эришилса, ёрдамнинг қисқаришини кутишимиз керакми, деган саволни ўртага қўймоқда сиёсатшунос ва One Big Union телеграм канали муаллифи Ян Веселов.

2022 йил февралида Россия Украинага бостириб кирганидан бери Қўшма Штатлар Украина ҳукуматига 65 миллиард доллардан кўпроқ бевосита молиявий ёрдам, қурол-яроғ, техника ҳамда турли ҳарбий ва фуқаролик жиҳозларини тақдим этди. Бу ёрдам Украинанинг мудофаа қобилиятини сақлаб қолишда муҳим рол ўйнади ва унинг баъзи элементлари (HIMARS ракета тизимлари ва Javelin танкка қарши тизимлардан тортиб, Starlink сунъий йўлдош алоқа тизимигача) ташаббус Украина қуролли кучларига ўтиши ва қарши ҳужумни амалга оширишга ёрдам берди.

Бироқ, шунга қарамай, қуролли тўқнашув давом этар экан, сиёсий доираларда ва АҚШ оммавий ахборот воситаларида иккита асосий масалада баҳслар бошланиб кетди.

  • Украинани қўллаб-қувватлаш ҳажми ва муддати қандай бўлиши керак?
  • Бу қўллаб-қувватлашдан мақсад нима – Украинанинг тўлиқ мағлубиятга учрашининг олдини олишми ёки унинг можарода ғалаба қозонишига ҳисса қўшишми?

Президент Жо Байден 2022 йил ёзида АҚШ маъмурияти Украинани «қанча керак бўлса, шунча вақт давомида қўллаб-қувватлаши»ни айтди. Оқ уй ҳар ойда Украинага ҳарбий ва молиявий ёрдам учун юзлаб миллион доллар ажратилишини эълон қилмоқда. Сентябр ойида Конгресс қиймати 12 миллиард доллардан ортиқ бўлган яна бир йирик ёрдам пакетини қабул қилди. Ҳозир конгрессменлар янги ва ундан ҳам каттароқ ёрдам пакетини тайёрлаётгани ҳақида миш-мишлар бор, бу сафар қарийб 50 миллиард долларлик. Бунга Вакиллар палатасидаги республикачилар фракцияси раҳбари Кевин Маккартининг яқинда қилган баёноти сабаб бўлди. Агар республикачилар 8 ноябрда бўлиб ўтадиган оралиқ Конгресс сайловида ғалаба қозонса, у палата спикери сифатида Украинага ёрдамни чеклашини айтди:

«Менимча, одамлар таназзулга юз тутмоқда ва улар Украинага карт-бланш бермоқчи эмас. <…> [Байден маъмурияти] мамлакат ичида қилмайдиган ишлар бор. <...> Украина муҳим, лекин шу билан бирга, бу биз қиладиган ягона иш бўлмаслиги лозим ва бунга карт-бланш берилмаслиги керак».