7 ноябрь куни эълон қилинган мазкур Низом билан давлат фуқаролик хизматчиси томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олиниши мумкин бўлган совға қиймати ва уни тасарруф этиш тартиби белгиланмоқда. Ҳужжатга амал қилиш давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган барча давлат фуқаролик хизматчилари учун мажбурий ҳисобланади.

Низомга кўра, давлат фуқаролик хизматчилари томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олиниши мумкин бўлган совға қиймати қуйидагича белгиланмоқда:

-        давлат фуқаролик хизматининг барча сиёсий гуруҳи, даража ва лавозимдаги давлат фуқаролик хизматчилари учун – барча солиқлар ва йиғимларни ҳисобга олган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан (бугунги кунда 1,5 миллион сўм) кўп бўлмаган миқдорда.

Тақдим этилган совғанинг миқдори белгиланган миқдордан ошган тақдирда, ошган қисми ходим томонидан давлат ташкилотига тўлаш орқали совғани тасарруф этиши мумкин бўлади.

Лойиҳада ҳукумат қарори бўйича Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан кетаётган делегация ёки алоҳида шахслар бундан мустасно эканлиги кўрсатилган. Шунингдек, давлат фуқаролик хизматчиларига тақдим этилган совға меҳмон томоннинг рамзлари ва логотипи туширилган эсдалик совғалар баҳоланмаслиги ва уни ходим ўз хоҳишига кўра тасарруф этиши белгиланмоқда.

Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан қабул қилинадиган совға:

  • Ўзбекистоннинг қонунчилик ҳужжатлари ва давлат органининг ички идоравий ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлиши;
  • ихтиёрий, аниқ бир сабаб, воқеа муносабати билан қабул қилиниши ва тақдим этилиши ҳамда мазкур белгиланган миқдордан ошмаслиги ва ҳашамат предмети бўлмаслиги;
  • совғани қабул қилиш ёки тақдим этиш натижасида бирор бир тарафнинг шахсий манфаатдорлиги, шунингдек манфаатлар тўқнашуви ёки коррупциявий хавф-хатарларнинг келиб чиқишига олиб келмаслиги, хусусан, холис қарор қабул қилишига таъсир кўрсатадиган мажбуриятни юзага келтирмаслиги;
  • совға хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирларда очиқ ва ошкора қабул қилиниши ва тақдим этилиши, давлат органи обрў-эътиборига путур етишига олиб келмаслиги;