Россия қўшини Херсондан чекинади. Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу шундай буйруқ берди. У Херсон областида Днепр дарёсининг ўнг соҳилидаги ҳарбий техника ва шахсий таркибни олиб кетишни буюрди. Херсон айнан ўнг соҳилда жойлашган. «Қўшинларни олиб чиқишга киришинг ҳамда техникалар, қуроллар ва шахсий таркибни Днепр дарёсининг бу соҳилига хавфсиз ўтказиш учун барча чораларни кўринг», — дейди Шойгу.
Шойгу Украинадаги Россия қўшинлари қўмондони, генерал Сергей Суровикиннинг таклифига розилик билдирган ҳолда чекинишга буйруқ берди. 9 ноябр куни генералнинг Шойгуга ҳисоботи Россия телевидениеси жонли эфирида трансляция қилинди. Суровикин ҳозирги вазиятда Херсонни тўлақонли таъминлаш имконсизлиги ва Днепрнинг чап соҳили бўйлаб мудофаа чизиғи ташкил этиш мақсадга мувофиқ эканини айтди.
Суровикин дарёнинг ўнг соҳилидан чап соҳилига чекиниш аскарлар ҳаётини ҳам сақлаб қолишига урғу қаратди. «Бунинг жуда қийин қарор эканини тушунаман. Шу билан бирга, биз, энг муҳими, ҳарбийларимизнинг ҳаёти ва қўшинлар гуруҳининг умумий жанговар қобилиятини сақлаб қоламиз. Бундан ташқари, куч ва воситаларнинг бир қисми операция зонасининг бошқа йўналишларидаги фаол ҳаракатлар, шу жумладан ҳужумкор ҳаракатлар учун озод қилинади», деди у.
Шойгу унинг фикрига қўшилди. «Биз учун россиялик ҳарбий хизматчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи доимо биринчи ўринда туради. Биз тинч аҳоли учун юзага келган таҳдидларни ҳам ҳисобга олишимиз керак», деган Шойгу.
Россия қўшинлари Днепрнинг чап соҳилига ўтган тақдирда, бутун Миколайив области яна Украина назоратига қайтади. Ҳозиргача россияликлар ушбу областнинг 4 фоизи ёки минг квадрат километр атрофидаги ҳудудни назоратида сақлаб қолаётганди. Миколайив области раҳбари Виталий Ким бу хабарлардан кейин шундай деди: «Агар руслар нимадир деяётган бўлса, демак аксини қилишади!» Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михайло Подоляк ҳам РФ қуролли кучларининг реал ҳаракатларини кутишга чақирди. «Украина байроғи Херсон устида ҳилпирамас экан, РФ чекинаётгани ҳақида гапиришдан маъно йўқ. Биз Россия Херсондан жангсиз чиқиб кетишига ишора қиладиган ҳеч қандай нишона кўрмаяпмиз. Ҳудудда жуда кўп рус қўшинлари бўлиб турибди, қўшимча захиралар юборилмоқда. Украина ҳудудни ташкиллаштирилган телебаёнотларга эмас, ўз разведка маълумотларига таянган ҳолда озод қилади», деб ёзди Подоляк.


















