Дастлаб Associated Press агентлиги Индонезиядаги расмий шахсларга асосланиб, Лавров соғлигида муаммо туфайли шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар тарқатди. Кейинроқ Bloomberg ва Reuters ҳам маҳаллий расмий манбаларга таяниб, Лавров шифохонага борган ҳақида хабар берди.

Индонезиядаги тиббиёт соҳасидаги учта расмий манба Associated Press мухбирига россиялик вазир Балида шифокорларга мурожаат қилганини айтишган. Уларнинг барчаси ўз шахсларини аноним тутишни сўраган.

Манбалардан икки нафари Лавровнинг юрагида муаммо юзага келганини айтишган. Улар вазирни Бали провинцияси пойтахти Денпасар шаҳридаги Сангла шифохонасига олиб келишганини тасдиқлашган.

Россия делегациясига раҳбарлик қилаётган Лавров 13 ноябр куни G20 саммити учун етиб келган. Путин Балига келмайди - бундай қарор ҳақида тўрт кун муқаддам Кремл матбуот хизмати раҳбари Дмитрий Песков маълум қилганди. Путиннинг саммитда иштирок этиши масаласи бир неча ой давомида муҳокама этилган ва  Украинага қарши уруш билан боғланганди. Украинлар президенти Володимир Зеленский саммитда онлайн-форматда иштирок этишни режалаштирган.

Россия ТИВ расмийси Мария Захарова Лавровнинг шифохонага ётқизилгани ҳақидаги хабарларни «фейк» деб атади. «Биз бу ерда Индонезияда Сергей Викторович билан хабарлар лентасини ўқияпмиз ва ўз кўзларимизга ишонмаяпмиз: хабарларга кўра, у шифохонага ётқизилган бўлиб чиқяпти. Бу албатта, юқори миқёсли фейклар», дея ёзди у ўз телеграм-каналида.

«Унда, жаҳон миқёсидаги эксклюзивни кутинг», дея қўшимча қилди у ва кейинроқ боғда футболка ва шортида ўтирган Лавров билан видеони намойиш этди.

«Бизнинг президент ҳақида ҳам ўн йилдан бери бетоблиги ҳақида ёзиб келишади. Бу умуман олганда сиёсатда янгилик бўлмаган ўйиндир», дейди Лавров видеода.

Захарованинг ғарблик журналистларга нима дейиши ҳақидаги саволига жавобан Лавров шундай жавоб берган: «Ростгўйроқ бўлинг». Видеода Лавровнинг олдидаги столда қоғозлар, ручка ва мобил телефони турганини кўриш мумкин. Вазир G20 доирасидаги йиғилишларга тайёргарлик кўраётганини айтган.

Бали губернатори И Вайан Костер кейинроқ Reuters агентлигига Сергей Лавров чиндан ҳам шифохонада бўлгани ва тиббий кўрикдан ўтказилганини тасдиқлади. Шу билан бирга у вазирнинг саломатлиги яхши эканини айтган.