Германия ҳукумати Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Лейпциг аэропортидаги дрон ҳодисаси юзасидан Берлиннинг Москвага қарши чораларини «ҳақиқий урушнинг бошланиши» деб атаган баёнотига муносабат билдирди.
Германия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби ўринбосари Йозеф Хинтерзеер 7 сентябр куни Берлинда ўтказилган ҳукумат матбуот анжуманида Германия Лейпциг аэропортида портловчи модда ўрнатилган дрон билан боғлиқ ҳодиса учун Россияни жавобгар деб ҳисоблашини айтди.
Унинг таъкидлашича, Берлин Россиянинг «гибрид ҳужуми»га зарур пайтда изчил, аммо босиқ тарзда жавоб қайтарган.
«Россия Германия ва Европа Иттифоқи, шунингдек, биз ва ҳамкорларимиз билан қандай муносабатларга эга бўлишни исташини ҳал қилиши керак», деди Германия ТИВ вакили.
Лавровнинг баёнотига муносабат
Аввалроқ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Германиянинг Лейпцигдаги ҳодиса учун Москвани жавобгар деб кўрсатиши ва ундан кейин кўрилган чораларни «ҳақиқий урушнинг бошланиши» деб баҳолаганди.
Хинтерзеер Лавровнинг бу сўзлари Германияда сайловлар ўтказилаётган кунга тўғри келгани тасодиф эмас, деган фикрни билдирди. 6 сентябр куни Саксония-Анҳалт федерал ерида ландтаг сайловлари бўлиб ўтган ва унда ўта ўнг «Германия учун муқобил» партияси катта фарқ билан ғалаба қозонган. Мазкур партия Россия билан алоқаларни тиклаш ва Москвага қарши санкцияларни юмшатиш тарафдори ҳисобланади.
Германия ТИВ вакилига кўра, гибрид ҳужумларнинг ўзига хос хусусиятларидан бири — бундай ҳаракатлар ортида турган томоннинг ўз жавобгарлигини инкор этишидир.
Германия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Митко Мюллер ҳам Россия томонидан ишлатилаётган «ҳарбий риторика»га муносабат билдирди.
Унинг сўзларига кўра, Европада «ким халқаро ҳуқуқни бузган ҳолда тажовузкор уруш олиб бораётгани ва ким Европа давлатларига қарши гибрид ҳужумлар уюштиргани»га эътибор қаратишнинг ўзи кифоя.
Лейпцигда нима бўлган эди?
4 август куни Лейпциг аэропортида Украинанинг Ан-124 юк самолётига қарши эҳтимолий диверсия уриниши содир бўлган. ОАВ Германия тергов органларига таяниб, ҳодисада бир нечта дрон қатнашган бўлиши мумкинлигини хабар қилган.
Маълумотларга кўра, портловчи модда ўрнатилган дронлардан бири Украина юк самолётлари яқинидан топилган. Иккинчи учувчисиз учиш аппарати эса биринчи дрон аниқланганидан бир неча дақиқа ўтиб DHL компаниясининг юк самолётига урилган бўлиши мумкин.
















