Пшеводувга сешанба куни кечқурун ракета қулади, портлаш оқибатида икки киши ҳалок бўлган. Чоршанбага ўтар кечаси Полша ҳукумати бу россияликлар ишлаб чиқарган ракета эканини маълум қилди.

Кейинроқ Associated Press агентлиги америкалик мулозимларга асосланган ҳолда ракетани украиналик ҳарбийлар россияликлар ракетасини уриб тушириш учун учиргани тахмин қилинаётгани ҳақида хабар берди - ўша куни Россия Украина ҳудудлари бўйлаб яна бир бор ёппасига ракета зарбалари йўллаганди ва бу уруш бошидан буён энг кенг кўламли зарбалар бўлганди.

Полша президенти Анджей Дуда чоршанба куни твиттерида ҳодиса Полшага қасддан қилинган ҳужум сифатида кўрилмаётгани ва гап ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ракетаси қулаши ҳақида кетаётганини ёзди.

Ўша кунги ҳужумлар оқибатида Украинанинг катта қисми электр таъминотисиз қолди, Киев марказида эса учта турар жой биноси шикастланган. Қўшни Молдова бош вазири ўринбосари Андрей Спину россияликларнинг Украинага зарбалари оқибатида Молдовада электр таъминотида муаммолар юзага келаётганини айтди.

«Фақат Россия жавобгар»

Ракета украин ҳарбийлари томонидан россияликларникини уриб тушириш учун учирилгани тахмин қилинаётгани ҳақида хабар пайдо бўлгач, вазиятни Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари Михайло Подоляк изоҳлади. У рўй берган ҳодиса учун жавобгарликни Россия зиммасига юклади.

«Украинадаги уруш ва ёппасига ракета зарбалари учун фақат Россия жавобгар. Чегарадош мамлакатлар учун хавф ортиши ортида фақат Россия турибди. Баҳона излаш ва ҳал қилувчи қарорларни кейинга қолдиришнинг ҳожати йўқ», дея ёзди у твиттерида ва Европани Украина осмонини ёпишга чақирди.

Британия бош вазири Риши Сунак ҳам Индонезиядаги G20 саммити матбуот анжуманида чиқиши чоғида шу каби фикрларни билдирди. Хусусан, у Россия Украинага босқин учун жавобгарлигига урғу қаратди.

«Агар Россиянинг Украинага босқини бўлмаганида буларнинг ҳеч бири рўй бермасди», деган у Полшадаги ҳодисани «Путин урушининг бешафқат ва аёвсиз реаллиги» деб атади.

Британия бош вазири офиси 16 ноябр куни у ва унинг канадалик ҳамкасби Жастин Трюдо Украина президенти Володимир Зеленский билан телефон мулоқотида Полшага ракета зарбаси тўлақонли текширилиши лозимлигини қайд этишгани ҳақида хабар берган.