Спорт | 11:13 / 21.11.2022
9890
2 дақиқада ўқилади

Тўрт карра жаҳон чемпиони Себастян Феттел «Формула-1»даги фаолиятини якунлади

Тўрт карра жаҳон чемпиони Себастян Феттел «Формула-1»даги сўнгги пойгасини Абу-Дабида ўтказди.

Фото: planetf1

Германиялик пойгачи, тўрт карра жаҳон чемпиони Себастян Феттел 20 ноябрь, якшанба куни «Формула-1»даги сўнгги пойгасини Абу-Дабида ўтказган ҳолда муваффақиятли спорт карьерасини якунлади.

Феттел 299 та «Формула-1» Гран-присида қатнашган, 52 та пойгада ғалаба қозонган ва 122 марта шоҳсупага кўтарилган. Автоспорт юлдузи 57 марта поул-позициядан старт олган (саралаш натижаларига кўра пойгачи эгаллаган автомобилнинг энг қулай позицияси). Ўзининг сўнгги пойгасида у ўнинчи ўринни эгаллади ва ҳайдовчилар рейтингида бир очко жамғарди. Абу-Дабидаги пойгадан сўнг, у "Астон Мартин" жамоасига миннатдорчилик билдирди. Айнан ўша ерда 2010 йилда 23 ёшида у «Формула-1» бўйича энг ёш жаҳон чемпионига айланганди.

«Мен яна бир неча очко олишни истардим, лекин менга пойга ёқди. Пойга бошида ҳаммаси бошқача бўлишини маъқул кўрардим, аммо баъзида шундай ҳам бўлади. Бугун бизда яхши стратегия бўлмади, - деди Себастян Феттел. - Лекин, албатта, бу ажойиб кун, қўллаб-қувватлаганликлари учун барча мухлисларга катта раҳмат».

Июль ойида 35 ёшли пилот 2022 йилги мавсум охирида «Формула-1»даги фаолиятини якунлашини маълум қилганди.

Феттел 2007 йилда "БМВ-Заубер" таркибида дебют қилган, шундан сўнг у "Торо Россо", "Ред Булл", "Феррари" ва "Астон Мартин" жамоаларида бўлган. Икки йил аввал у 2020 йилги «Формула-1»мавсумининг 14-пойгаси - "Туркия Гран-приси"да учинчи ўринни эгаллаган эди.

Мавзуга оид