Жамият | 11:01 / 23.11.2022
9493
3 дақиқада ўқилади

Яккасаройда 6 туп дарахт нобуд қилинди, яна 4 тупига шикаст етказилган

Дўстлик боғи (собиқ Бобур) яқинида турар жой қурилишига рухсат олган Vinera Tower МЧЖ ҳеч қандай рухсатсиз дарахтларни бошқа жойга кўчириб ўтказган

Фото: Давлат экология қўмитаси

Тошкент шаҳри Шота Руставели кўчаси Дўстлик боғи яқинида олиб борилаётган қурилишда 2 туп қимматбаҳо, 4 туп кам қиммат бўлган – жами 6 туп дарахт ўзбошимчалик билан бошқа жойга кўчириб ўтказилиши оқибатида нобуд қилинган. Яна 4 туп дарахт илдизига шикаст етказилган. Бу ҳақда Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Шу йил 27 сентябр куни Яккасарой тумани экология бўлими ходимлари ҳудудда хатлов ўтказиб, 22 туп кўп йиллик дарахт борлигини аниқлашган. Қайд этилишича, бу дарахтларни кесмаслик бўйича қурилиш ташкилоти – Vinera Tower МЧЖга мажбурий кўрсатма берилган.

Шунга қарамай шу йил 21 ноябр куни қурувчилар томонидан ҳеч қандай рухсатсиз, қонунга зид равишда дарахтлар бошқа жойга кўчириб ўтказилган, оқибатда 6 туп дарахт нобуд бўлган. Шунингдек, қурилиш учун котлован қазилиши натижасида 4 туп дарахт илдизига шикаст етказилгани ҳам аниқланган. Бу билан табиатга 218 млн 370 минг сўм миқдорида зарар етказилган. Ҳозирда қурилиш жойида 16 туп манзарали дарахт борлиги айтилмоқда.

Мазкур ҳолатда Ўзбекистон Республикасининг «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунининг 32, 37-моддалари (Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳамда дарахтлар ва буталарни кесиш) талаби бузилиб, ўсимлик дунёсига кўп миқдорда зарар етказилган.

«Амалдаги қонунчилик талабларига кўра, қурилиш лойиҳаларини амалга оширишдан олдин экологик меъёрий лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилиши ҳамда мажбурий тартибда Давлат экологик экспертизасидан ўтказилиши белгиланган. Аниқланишича, мазкур қурилиш объекти бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда Давлат экологик экспертиза хулосаси олинмаган.

Ўрганиш натижаси бўйича тўпланган материаллар тегишли тартибда расмийлаштирилиб, туман прокуратурасига тақдим этилди», – дейилади Давлат экология қўмитаси тақдим этган расмий хабарда.

Маълумот учун, бундан олдин ҳам Vinera Tower МЧЖ томонидан шу ҳудуддаги 6 туп дарахт ноқонуний равишда кесилгани ва ўсимлик дунёсига 430 млн 515 минг сўм миқдорида зарар етказилгани аниқланган. Ҳолат Тошкент шаҳар экология бошқармаси томонидан тегишли тартибда расмийлаштирилиб, туман прокуратурасига тақдим қилинган ва етказилган зарарни ундириш учун шу йил 16 сентябрда Тошкент туманлараро иқтисодий судининг ажрими чиқарилган.

Мавзуга оид