Kun.uz таҳририятига Андижон вилояти Пахтаобод туманида фаолият кўрсатувчи “Пахтаобод қурилиш сифат” МЧЖ томонидан туманда амалга оширилган қурилишлар учун ҳокимлик томонидан маблағ тўлаб берилмаётгани тўғрисида мурожаат келиб тушди. Ҳолатни ўрганган Kun.uz мухбири қурувчи ва мутасаддилар билан суҳбатлашди.

Маълум бўлишича, корхона 2019 йилда 2 та объектда шартнома асосида ва 3 та объектда оғзаки келишув билан қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб борган. Лекин шартномага мувофиқ ишлар бажарилгач, белгиланган маблағлар корхонага тўлаб берилмаган.

Жумладан, Маданият йўлида жойлашган стела учун 350 млн сўм, Қорадарё соҳилидаги стела учун 275 млн сўм, Қабулхона биноси учун 60 млн сўм, Оила маркази биноси учун 38 млн сўм, ҳарбий қисм биноси учун 35 млн сўм – жами 758 млн сўм маблағ шу пайтгача тўлаб берилмаган.

Бажарилган ишлар учун маблағ тўлаб берилмаётгани ортидан МЧЖ ўз ишчиларига ойлик маош тўлашда, янги қурилишларни амалга оширишда муаммоларга дуч келмоқда.

Абдурашид Зокиров

“Кейинроқ шартнома имзоланади, деб оғзаки келишув асосида иш бошлаб, тугатиб берганмиз. Лекин шартнома асосида қилинган ишларимизга ҳам тўловларни тўлиқ қилиб бермаган. Оғзаки ва ёзма мурожаатлар қилдик. Ҳеч қандай ечим бўлмаяпти. Ҳоким ва унинг ўринбосарларига, прокуратура ва молия бўлими бошлиқларига мурожаат қилганмиз, натижа бўлмади.

Бу ўз навбатида ишимизга таъсир кўрсатмоқда. Бизга таъминотчилар етказиб берган нарсалари учун пулларини талаб қилишмоқда. Шунча вақтдан бери уларнинг олдида ҳам ёлғончи бўлиб қолганмиз. Бундан ташқари, 50 дан ортиқ ишчиларимиз бор. Уларнинг қора қозони қайнаши ҳам керак-ку?! Ишни қилиб бўлган бўлсак ҳам пулимизни беришмаса, буни қандай тушуниш мумкин?” – деди МЧЖ раҳбари Абдурашид Зокиров.

Қурувчи томонидан фойдаланишга топширилган стела
Қурувчи томонидан фойдаланишга топширилган стела

Қурувчига нима учун маблағ ўз вақтида ажратилмагани ва қачон тўлаб берилишини билиш учун туман ҳокимлигида бўлдик. Аммо туман ҳокими мажлисда эканини айтишди. Бу масалага бевосита алоқадор бўлган ва ушбу қурилишлар даврида туман молия бўлими бошлиғи вазифасида ишлаган, ҳозирда ҳокимнинг биринчи ўринбосари Отаулло Расулов мухбирни қабул қилишни истамади. Хонасида бўлишига қарамай, саволларга жавоб беришдан бош тортди.