Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё ИИБ бошлиқ ўринбосари, Шерзод Шодиев Термиз шаҳрида ЙТҲ содир этгани ва вилоят ИИБ мазкур “авария”ни яшираётгани айтилган хабарлар тарқалди. Вилоят ИИБ ахборот хизмати ҳодиса юзасидан муносабат билдирди.
Муносабатда маълум қилинишича, 2022 йил 3 ноябр куни соат 13:47 ларда аёл киши бошқарувида бўлган Cobalt машинаси Термиз шаҳри Ат-Термизий кўчасида ҳаракатланаётиб бошқарувни йўқотган. Сўнг йўлнинг қарама-қарши қатнов қисмига чиқиб кетган ва тўғридан келаётган фуқаро Ҳ. (эркак) бошқарувида бўлган Matiz билан тўқнашган.
Оқибатда, Cobalt машинасининг орқа ўриндиғида бўлган йўловчи аёл суд тиббий экспертиза хулосасига кўра, оғир тан жароҳатлари олган.
Ҳодиса юзасидан Термиз шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилган ва Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, жиноят ишининг тергови Термиз шаҳар прокуратураси томонидан назоратга олинган.
Аввалроқ Қашқадарёда Нишон тумани ҳокими ўринбосари машина бошқариб пиёдани уриб юборган ва жабрланувчи воқеа жойида вафот этганди.
















