Ўзбекистон | 10:19 / 27.11.2022
23056
2 дақиқада ўқилади

Андижондаги ЙТҲ юзасидан жиноий иш қўзғатилди

Йўлдаги таъмирлаш ишлари сабабли транспорт воситалари ҳаракати қарама-қарши томондан ташкил этилган, бунда ЙҲХХ билан келишилмаган.

Фото: Kun.uz

ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Андижонда содир бўлган ва уч киши ўлимига сабаб бўлган ЙТҲ юзасидан маълумот берди.

«Андижон вилояти ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятга молик А373 «М39 автойўли-Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон ва Андижон орқали-Ўш» автомобил йўлининг 388-389 километрлари оралиғида қайта таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани сабабли жорий йилнинг 18 ноябр кунидан буён йўлнинг бир томонида 1100 метр масофада таъмирлаш ишлари «Rezina Optima Standart» МЧЖ томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 2 октябрдаги «Автомобил йўллари тўғрисидаги» ЎРҚ-117-сон Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 декабр кунидаги 342-сонли қарорининг 1-иловаси 13,14,15,16,18-бандларига зид равишда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органлари билан келишилмасдан олиб борилаётгани сабабли транспорт воситалари ҳаракати қарама қарши томондан ташкил этилган.

Юқоридаги қарор талаблар «Rezina Optima Standart» МЧЖ томонидан бажарилмагани сабабли 2022 йил 26 ноябр куни соат 08:40 ларда Андижон вилояти ҳудудидан ўтган А 373 автомобиль йўлининг 388-389 километрлари оралиғида йўл транспорт ҳодисасини содир этган ҳайдовчи, 1993 йилда туғилган Ж.А. «Isuzu» русумли автобусда бир томонлама ташкил этилган йўлда ҳаракатланаётиб, қуюқ туман тушгани ва кўриниш масофаси чеклангани учун 1985 йилда туғилган ҳайдовчи А.А. бошқарувидаги «Howo» русумли юк автомобили билан тўқнашган», дейилади хабарда.

Ҳодиса натижасида автобуснинг уч нафар йўловчиси вафот этган, жами 31 нафар киши, жумладан юк автомобили ҳайдовчиси ҳам турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Андижон вилояти ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид