Интернетдаги турли платформаларда буйраги ёки жигарини сотмоқчи бўлган ўзбекистонликларнинг эълонларини учратиш мумкин. Биргина Тelegram мессенжерида органини сотиш истагида одамлар жамланган ўнлаб гуруҳлар бор. Биз ана шундай инсонларнинг айримлари билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдик. Уларнинг илтимосларига кўра, исм-фамилиялари сир сақланмоқда.

Органини сотиш истагидагилар аъзо бўлган Тelegram-гуруҳлари / Фото: Kun.uz

Операция хорижда бўларкан...

Мамлакатимизда инсон органини кўчириб ўтказиш бизнес турига айланиб қолмаслиги учун ҳам қонунчилигимизда бир қатор чекловлар ўрнатилган. Жумладан, Ўзбекистонда инсон аъзолари ва тўқималарининг олди-сотдиси тақиқланган, бундай ҳаракатни содир этганлар, шунингдек, инсонни донорликка мажбурлаганлар жавобгарликка тортилади.

Шу сабабли ҳам суҳбатдошларимизга алоқага чиққан харидорлар жарроҳлик амалиёти бошқа давлатда ўтказилиши, у ерга бориш харажатларини тўлиқ кўтаришларини маълум қилишган. Бироқ бу жараёнда алданиб қолиш эҳтимоли юқори.

— 1,2 млн сўм ойлик оламан. Оиламизнинг кам-кўстини бутлаш, рўзғорга ёрдам бўлсин деб бу ишни бошлагандим. Қарз бериб турган қўшним менга пулни фоизга берганини айтмаганди. Соддалигимиздан фойдаландими, билмайман, жуда қийин ҳолатга тушириб қўйди. Фоизлар “туғиб” қарзимиз кўпайиб кетди. Уни қайтариш учун бир неча марта кредит олдик. На қарздан қутулдик, на кредитлардан. Бугунги кунда жами қарзимиз 100 миллион сўмдан ошиқроқ.

Эрим бу вазиятга тушиб қолганимизда мени айблайди. Аламини ичкиликдан олади. Орада ўз жонига қасд қилмоқчи ҳам бўлди. Шу сабабли органимни сотишга қарор қилдим. Хатомни тўғрилаш, оиламни сақлаб қолиш учун.

— Абитуриентлигимда бу ҳолга дуч келдим. Мардикор бозорида. Кўнглинг жиз этади-ю, ишончсизлик ортга тортади. Чунки Ҳиндистонга ўзимиз билан бирон кишини олиб боришга рухсат беришмас экан. Барча харажатларни тўлаш билан бирга, операциядан 6 ой ўтгач ҳам ўз уйида парваришлар экан. Рости, қўрқаркан одам.