Ўзбекистон | 18:56 / 28.11.2022
15855
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Қорақалпоғистондаги воқеалар бўйича бошланган суд жараёнини диққат билан кузатади

Қўшма Штатларнинг Ўзбекистондаги элчихонаси махсус баёнот берди.

Америка Қўшма Штатлари бугун Бухорода июл ойида Қорақалпоғистонда содир бўлган фожиали воқеаларга алоқадорликда айбланган 22 шахс устидан бошланган суд жараёнларини диққат билан кузатиб боради. Бу ҳақда Қўшма Штатларнинг Ўзбекистондаги элчихонаси баёнот берди.

«Биз ҳукуматни жамоатчилик олдидаги очиқлик бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга ва агар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари Ўзбекистон Республикаси қонунларини бузган бўлса, уларни жавобгарликка тортишга чақирамиз. Шунингдек, Омбудсман бошчилигидаги Тергов комиссиясини ўз хулосаларини имкон қадар тезроқ эълон қилишга чақирамиз», дейилади баёнотда.

28 ноябр куни Бухоро вилояти судида Нукусда содир бўлган тартибсизликларда қатнашганликда гумонланган 22 кишига нисбатан қўзғатилган жиноят ишини кўриб чиқиш бошланди.

Дастлабки тергов органининг айблов хулосасига кўра, судланувчиларга Жиноят кодексининг турли моддалари бўйича айб қўйилган. Жумладан, 28,104-моддаси (иштирокчиликда қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми “а” банди, 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми, 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди, 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) 3-қисми ва 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “а”, “б”, “г” бандлари.

Судланувчиларнинг 20 нафарига нисбатан «қамоққа олиш», 1 нафарига «уй қамоғи» ва 1 нафарига «жамоа кафиллиги» тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид