Шу кунларда “Minerva city” мижозлари норози, медиамаконда инвестор фирибгар деган миш-мишлар юрибди. Хўш, Янгиҳаёт туманидаги бу йирик лойиҳада ўзи нималар бўляпти? Фуқаролар чиндан ҳам алданганми? Лойиҳа эгаси айрим нашрлар ёзганидек қаллобми?

Бошидан бошласак, ўзи нима бўлганди?

2018 йилнинг 28 сентябр куни “MJ Developers” Ўзбекистон ҳукумати билан 100 миллион долларлик сармоя шартномасини имзолаб, ўзининг 4 та йирик лойиҳасига сармоя киритишни бошлаган. Дастлаб Бухорода 5 юлдузли меҳмонхона қурилиши, кейинроқ Наманганда “Namangan Square”, Тошкентда “Minerva city” ақлли шаҳарчалари ҳамда Бектемир туманида “Lake City” сунъий кўли қурилиши бошланган.

Маълум бўлишича, ҳозирда Бухоро ва Намангандаги ишлар муаммосиз давом этмоқда.

Бухорода қурилаётган “Hyatt regency” меҳмонхонаси / Фото: MJ Developers
Бухорода қурилаётган “Hyatt regency” меҳмонхонаси / Фото: MJ Developers

Бошида пойтахтдаги қурилишлар ҳам бир маромда кетаётганди. 2020 йилда Тошкентнинг Янгиҳаёт туманида 100 гектар ҳудудда шопинг ва бизнес марказлари, меҳмонхоналар, турар жойлар ва яна қатор бинолардан иборат “Minerva city” номли ақлли шаҳарча қурилиши старт олди.

“Minerva city” ақлли шаҳарча лойиҳаси

Лойиҳанинг бир қисми ҳисобланган халқаро университет биносининг тамал тошини қўйиш маросимида пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам қатнашиб, лойиҳа барча учун оламшумул бўлиши, бу жараёнда сармоядорларга ҳар тарафлама ёрдам берилиши ва уларга имкониятлар очиб берилишини айтганди.