Музокаралар чоғида мазкур жамғарма томонидан қўллаб-қувватланган умумий қиймати 500 миллион доллардан ортиқ бўлган соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасида ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди.
Миллий онкология маркази ва Катталар учун кўп тармоқли тиббиёт клиникаси қурилиши ҳамда Toshkent Pharma Park кластери ҳудудида фармацевтика университетини ташкил этиш (1-босқич) лойиҳалари шулар жумласидан.
«Тиббиёт университетини ташкил этиш» ва Toshkent Pharma Park инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери илмий-ўқув қисмларини яратиш» (2-босқич) лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисида аҳдлашув баённомасини имзолашни тезлаштириш масаласи кўриб чиқилди.
Томонлар қарз битимларини имзолашдан олдинги тартиботларни соддалаштириш имкониятларини муҳокама қилди ва ҳамкорлик янги йўналишларини, минтақавий автомобиль ҳамда темирйўл коммуникацияларини ривожлантириш ва соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштиришни белгилаб олди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар муҳокама қилинган ташаббусларни, 2023-2024 йилларда ҳаётга татбиқ этишга режалаштирилган янги лойиҳаларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.

















