Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 7 ноябр куни бўлиб ўтган маҳаллий саноатни ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон Европа Иттифоқининг GSP+ имтиёзлар тизимига қўшилганига, давлат томонидан транспорт харажатлари учун 70 фоизгача субсидиялар ажратилишига, Европа давлатларига 6,2 минг турдаги маҳсулотларни божларсиз экспорт қилиниши мумкинлигига шароитлар яратилганига қарамай, Европа мамлакатларига экспорт кўрсаткичлари тўқимачилик бўйича 6% ни, электротехника – 3% ни, ипакчилик ва озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича эса атиги 1% ни ташкил этиши танқид қилинди. Мамлакатимиз корхоналарига халқаро сертификатлар олиш ва ташқи бозорга чиқишда кўмаклашиш зарурлиги таъкидланди.  

Шу мақсадда, “ЎЗБЕКЭКСПЕРТИЗА” акциядорлик жамияти бош директори в.б Артём Григорянц 2022 йил 24 ноябр куни ACIR SOUTHERN EUROPE S.L. компанияси президенти Эдуард Гулян ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Мигел де ла Круз Салседо билан учрашди.

Фото: ЎЗБЕКЭКСПЕРТИЗА

Учрашув “ЎЗБЕКЭКСПЕРТИЗА” акциядорлик жамияти негизида қўшма синов лабораториясини ташкил этиш орқали Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни Жанубий Европа мамлакатларига экспорт қилишни ташкил этишга кўмаклашиш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва келгусида Ўзбекистон товарларини Global G.A.P. стандартларига мувофиқ сертификатлаштириш имкониятларини яратиш масалаларига бағишланди.

Фото: ЎЗБЕКЭКСПЕРТИЗА

“ЎЗБЕКЭКСПЕРТИЗА” АЖ Комплекс экспертиза ва сертификатлаштириш бошқармаси бошлиғи Азамат Тўхтахуновнинг сўзларига кўра, товарларни Global G.A.P бўйича сертификатлаш Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни Жанубий Европа мамлакатларига экспорт қилиш ҳажмини сезиларли даражада оширади.

  ACIR SOUTHERN EUROPE S.L компанияси президенти Эдуард Гулян мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолади ва Испания, Италия, Португалия, Греция, Кипр каби мамлакатларда Ўзбекистон маҳсулотларига қизиқиш ортиб бораётганини алоҳида таъкидлади.  

Фото: ЎЗБЕКЭКСПЕРТИЗА

Учрашув якунларига кўра “ЎЗБЕКЭКСПЕРТИЗА” АЖ ва ACIR SOUTHERN EUROPE S.L компанияси ўртасида Артем Григорянц ва Эдуард Гулян иштирокида лойиҳа гуруҳини тузиш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни назарда тутувчи Ҳадли битимни имзолаш бўйича келишувга эришилди.