2022 йилнинг 10 ойи давомида “Ўзкимёимпекс” МЧЖ томонидан “Ўзкимёсаноат” АЖ бўйича белгиланган йиллик экспорт кўрсаткичи муддатидан олдин бажарилди. Хусусан, жорий йилнинг январ-октябр ойларида амалда умумий қиймати 407,3 млн долларлик кимё маҳсулотлари экспорти амалга оширилиб, йиллик режа (400,8 млн доллар) 31 октябр ҳолатига 101,7 фоизга бажарилди. 2021 йилнинг январ-октябр ойларига нисбатан 155 фоизга ўсиш таъминланди.

Ушбу кўрсаткичларга соҳанинг экспорт салоҳиятини юксалтириш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар ҳисобига эришилмоқда. Жумладан, экспорт қилинаётган маҳсулотларни диверсификациялаш бўйича чоралар кўрилмоқда. Жорий йил давомида 37 турдаги кимё маҳсулотлари экспортга чиқарилди. Шунингдек, 13 турдаги умумий қиймати 18 млн долларлик янги маҳсулотлар мураккаб минерал ўғитлари (9 хил), полианион целлюлоза, суюқ минерал ўғитлари (2 хил) экспортга чиқарилди. Таъкидлаш жоизки, айрим турдаги маҳсулотлар экспортининг ўсиш суръати ўтган 2021 йилнинг мос даврига нисбатан катта кўрсаткичларни ташкил этди. Булардан суперфосфат экспорти 35 баробарга, суюлтирилган аммиак маҳсулоти экспорти 16 баробарга, автомобил шинаси экспорти 11 баробарга, суюқ аргон ва аммоний хлориди экспорти 6 баробарга ошган.

“Ўзкимёимпекс” МЧЖ томонидан янги бозорларни ўзлаштириш ҳисобига экспорт географияси кенгайтирилмоқда. Йил бошидан буён жаҳоннинг 36 та давлатига маҳсулотлар экспорти амалга оширилди. Бу кўрсаткич 2021 йилда 28 тани ташкил қилган. Шу жумладан, Монголия давлатига умумий қиймати 625,8 минг долларлик карбамид ва НПК маҳсулотлари экспортга чиқарилди.

Шу билан бирга, маҳсулот экспортида ташқи бозордаги йирик трейдерлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Литва давлатининг “ UHB Agro ” компанияси билан ҳамкорликда “Самарқанд-НПК” МЧЖ ҚКда НПК ўғитларини ишлаб чиқариш ва экспортга йўналтириш йўлга қўйилди. Январ-октябр ойларида 19,6 млн долларлик 41,8 минг тонна НПК ўғитлари экспортга чиқарилди.

Истеъмолчилар ва ташқи бозорнинг талабидан келиб чиқиб биринчи марта “Фарғонаазот” АЖда минерал ўғитларни қоп билан бир қаторда биг-бегларга юклаш амалиёти қўлланилди. Бу эса, ўз навбатида, самарали натижа берди.

Шунингдек, жаҳон бозоридаги минерал ўғитлар нархи динамикаси доимий равишда таҳлил қилиниб, маҳсулотларни юқори рентабелли нархларда сотишга эришилди. Масалан, 2021 йилнинг январ-октябр ойларида 198,5 млн долларлик 871,5 минг тонна минерал ўғитлари экспортга чиқарилган бўлса, жорий йилда 753 минг тонна минерал ўғитлари 329,4 млн долларга экспортга чиқарилди, яъни ўтган йилга нисбатан экспортга чиқарилган ҳар бир тонна минерал ўғитдан 209 доллар кўп фойда кўрилди.

Қолаверса, Россия ва Украина ўртасидаги зиддиятлар оқибатида вужудга келган геосиёсий ҳолатнинг “Ўзкимёсаноат” АЖ ташқи иқтисодий фаолиятига салбий таъсирини камайтириш борасида тегишли чора-тадбирлар кўрилди. 2022 йилда Украина давлатига экспорти мўлжалланган умумий қиймати 127,2 млн долларлик 10 хил турдаги маҳсулотларни бошқа давлатларга йўналтириш режаси ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, Европа давлатлари томонидан Россияга қўлланилган санкциялар туфайли кимё маҳсулотлари бўйича бўшаб қолган бозорларни эгаллаш чоралари кўрилмоқда.