Ўзбекистон | 08:48 / 01.12.2022
5659
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон вакили ЕХҲТ Терроризмга қарши курашиш махсус қўмитаси доимий аъзосига айланди 

Олий Мажлис делегацияси Варшава шаҳрида (Польша) бўлиб ўтган ЕХҲТ Парламент ассамблеяси кузги сессиясида иштирок этди.

Фото: Dunyo

Сессия доирасида умумий ялпи мажлис, ЕХҲТ ПА миграция ва терроризмга қарши курашиш бўйича махсус қўмиталари мажлислари бўлиб ўтди. Сессия доирасида ЕХҲТ ҳудудидаги низоларни бартараф этиш, «яшил иқтисодиёт»ни янада рағбатлантириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, сайловларни ташкил этиш соҳасида тажриба алмашиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

ЕХҲТ ПА Терроризмга қарши курашиш махсус қўмитаси мажлиси доирасида қўмита янги доимий аъзоси сенатор Равшан Алимов таништирилди. Ўзбекистон вакили маъруза қилди. Равшан Алимов республикада терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, қилмишидан афсусланган шахсларга манзилли ёрдам кўрсатиш ва уларни жамиятга мослаштириш, террористик фаолиятдан жабрланган аёллар ва болаларни қутқариш ҳамда ўз ватанига қайтариш бўйича «Меҳр» дастурларини амалга ошириш доирасида кўрилган комплекс чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистон делегацияси Варшавада бўлиши доирасида ЕХҲТ ПА вице-президенти, Терроризмга қарши курашиш бўйича махсус қўмита раиси Р.Лопатка ва ассамблея бош котиби Р.Монтелла билан икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтди. Учрашувларда томонлар мамлакат ЕХҲТ ПА доирасидаги ҳамкорлиги бугунги ҳолати ва истиқболларини, ассамблея 2023 йилдаги ялпи тадбирларига оид масалаларни муҳокама қилди.

ЕХҲТ ПА вакиллари ўзаро ҳамкорлик даражасини, Ўзбекистоннинг ассамблея доирасидаги фаол позициясини юқори баҳолади ҳамда ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда, фуқаролик жамияти институтларини мамлакат фуқаролари манфаатларидан келиб чиқиб мустаҳкамлашда бундан буён ҳам ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди.

Мавзуга оид