Ўзбекистон | 10:37 / 01.12.2022
8179
4 дақиқада ўқилади

Қишлоқларда ётиб ишлаётган масъуллар. Аҳоли муаммолари билан ишлашнинг янги тизими Оққўрғонда синовдан ўтказилмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра аҳоли билан мулоқотнинг янги тизими жорий этилмоқда. У тажриба сифатида Тошкент вилоятининг оғир ҳудудларидан бири бўлган Оққўрғон туманида синовдан ўтказилмоқда.

Янги тизимга кўра, президент маслаҳатчиси Ғофуржон Мирзаев бошчилигидаги 24 та вазирлик ва идора раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ 4 та сектор кесимида тумандаги 29 та маҳаллада фаолият олиб бормоқда.

Ишчи гуруҳ туман ҳудудида маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юриб, ҳар бир хонадоннинг шароити билан танишиб, аҳоли муаммолари ва ижтимоий-иқтисодий масалаларини ўрганиб, уларни тезкор ва самарали ҳал қилиш чораларини кўрмоқда. Ушбу жараёнда асосий эътибор – оғир ижтимоий аҳволдаги, якка-ёлғиз, боқувчисини йўқотган инсонларни қийнаётган масалаларга ечим топишга қаратилмоқда.

Республика ишчи гуруҳининг Kun.uz’га маълум қилишича, масъуллар бевосита чекка ҳудудлардаги қишлоқларда тунаб, ўша ерда маҳалла фаоллари, оқсоқоллар, кекса нуронийлар, фаоллар билан аҳолида мавжуд муаммолар хусусида муҳокамалар ўтказиб, жойида ечим излашмоқда.

Айни пайтга қадар Оққўрғон туманининг “Ёшлик”, “Маданият”, “Жағалбойли”, “Сувти”, “Қўштамғали”, “Мустақиллик”, “Хонобод”, “Элтамғали”, “Султон Сегизбоев”, “Толовул” маҳаллаларидаги 920 та хонадон ва 15 та ижтимоий соҳа объекти ўрганилган. Уларда аниқланган 547 та масаланинг 76 таси (13,8 фоизи) ҳал қилинди, 471 та масала бўйича чора-тадбирлар белгиланган.

Хусусан, “Мустақиллик” маҳалласида яшовчи 70 ёшли оғир ижтимоий аҳволдаги В.Вятчинин даволаниши учун Тошкент вилояти ихтисослаштирилган соматика шифохонасига ётқизилган бўлса, “Маданият” маҳалласидаги А. Мамазоитов хонадонига 40 метр қувур тортилиб, табиий газ таъминотига улаб берилган. Ҳудудда ташкил қилинган чуқурлаштирилган тиббий кўрик натижасида амбулатор шароитдаги 36 нафар бемор керакли дори-дармонлар билан таъминланган.

“Мустақиллик” маҳалласидаги эскирган симёғочлар бетон устунларга алмаштирилаётган бўлса, “Ёшлик” маҳалласи Замаҳшарий кўчасидаги сув қувурлари таъмирланмоқда.

Шу билан бирга, муддат ва маблағ талаб қиладиган қатор масалаларни келгуси йил дастурларига киритиш белгиланган. Жумладан, “Сувти” маҳалласидаги яроқсиз кўприк таъмирланиши билан камида 400 нафар аҳолини ўйлантираётган тизимли масала ҳал қилинади. Ёки “Хонобод” маҳалласидаги 1960 йилда қурилган 450 ўринли 9-сонли мактабга қўшимча бино қурилиши режалаштирилган.

Худди шундай “Маданият” маҳалласидаги 22-, 27-, 47-, 50-сонли мактабларни, айниқса, 50-мактабнинг ачинарли аҳволдаги спорт залини реконструкция қилиш, маҳаллаларнинг қишда лой, ёзда чанг кўчаларини таъмирлаш, “Қўштамғали”даги 500 та яроқсиз симёғочларни бетон устунларга алмаштириш режалаштирилган. Республика ишчи гуруҳи Оққўрғонда фаолиятини давом эттирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, президент маслаҳатчиси лавозимини эгаллаган Ғофуржон Мирзаев 1964 йилда Фарғона вилоятида туғилган. У ноябр ойида президентнинг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди. Бунгача у Сирдарё вилояти ҳокими эди. Мирзаев 2003 йилдан 2016 йилгача Ўзбекистон президенти аппаратида масъул лавозимларда ишлаган.

Мавзуга оид