Латвия Давлат хавфсизлик хизмати «Бу ерда ва ҳозир» янгиликлар дастури бошловчиси Алексей Коростелевнинг Украинага қарши урушда қатнашиш учун сафарбар этилган россияликларнинг ҳуқуқлари бузилгани ва кўплаб рус ҳарбий хизматчиларига «масалан, жиҳозлар ва фронтдаги оддий қулайликлар билан ёрдам бера олиш» ҳақидаги сўзлари юзасидан «Дожд» телеканалига нисбатан текширув бошлади. Давлат хавфсизлик хизмати 2 декабрь, жума куни ўз сайтида маълум қилишича, телеканал «Россия оккупацион кучлари»га ёрдам кўрсатаётганига нисбатан гумонлар бор. 

«Давлат хавфсизлик хизмати Россия оккупацион кучлари томонидан Украина ва унинг аҳолисига қарши содир этилган жиноятлар фонида тажовузкор Россияни ҳар қандай кўринишда қўллаб-қувватлаш қабул қилиниши мумкин эмаслигидан огоҳлантиради», — дейилади Латвия махсус хизмати сайтида. Тўғридан тўғри ёки билвосита пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни Россия учун йиғиш ёки унга ўтказиш Латвия Жиноят кодексининг 77.2-моддаси билан жиноий жавобгарликка сабаб бўлади, дейилади баёнотда. 

Шу билан бирга, Давлат хавфсизлик хизмати «қарорлар қабул қилиш учун масъул бўлган муассасалар ва мансабдор шахсларни Россиянинг мустақил деб аталадиган оммавий ахборот воситалари фаолиятининг Латвияга ўтказилиши турли хавф-хатарлар билан боғлиқлиги ҳақида бир неча бор огоҳлантирганини» эслатади. 

«Ушбу медиакомпаниялар ва журналистлар тажовузкор мамлакатда узоқ вақт ишлагани боис, Латвияда ўз фаолиятини бошлаган айрим оммавий ахборот воситалари ёки улар вакилларининг Россия махсус хизматлари билан алоқаси борлигини инкор этиб бўлмайди. Латвиядаги муҳожир оммавий ахборот воситалари фаолиятида Россия махсус хизматлари ҳам бўлиши мумкин», — дейилади пресс-релизда. 

2 декабрь куни эрталаб Латвия Миллий медиа кенгаши (NEPLP) раиси Иварс Аболинс Twitter’даги саҳифасида «Дожд» Қримни Россиянинг бир қисми сифатида кўрсатгани ва Россия армиясини «бизнинг армиямиз» деб атагани учун 10 минг евро жаримага тортилганини маълум қилди. 

Унинг маълумотларига кўра, бу телеканалнинг сўнгги ойлардаги иккинчи қоидабузарлиги бўлган. Учта қоидабузарлик билан NEPLP Латвияда эфирга чиқиш рухсатномасини бекор қилиши мумкин. 

2 декабрь куни тушдан кейин «Дожд» телеканали бошловчиси Екатерина Котрикадзе эфирда телеканал Алексей Коростелевни ишдан бўшатишга қарор қилганини айтди. «Бу биз учун жуда оғир қарор, аммо «Дожд» раҳбарияти буни ягона тўғри ва мумкин бўлган қарор деб ҳисоблайди», деди у.