Бугун, 6 декабр куни Қатарда нимчорак финал баҳсларига якун ясалади ва чоракфиналнинг тўртинчи жуфтлиги ҳам аниқланади.
Марокаш — Испания (Тошкент вақти билан соат 20:00)

Тўрт йил муқаддам Марокаш Испанияни плей-оффдан олиб қолиши мумкин эди, аммо Яго Аспас 91-дақиқада ҳисобни тенглаштиради ва жамоа гуруҳдан биринчи ўрин билан чиқади. Ўшанда нимчорак финалда Испания Россияга мағлуб бўлганди. Бу сафар испанлар яна 1/8 финал тақдирини хавф остига қўйишди, аммо тўплар нисбатига кўра Германиядан юқорида жойлашишди ва иккинчи ўрин билан гуруҳдан чиқишди.
Марокашликлар 2018 йилги жаҳон чемпионатининг икки совриндори — Белгия ва Хорватия, шунингдек турнир кашфиётларидан бири бўлиши кутилган Канада билан бир гуруҳда 7 очко жамғарди. Турнир стартига уч ой қолганида бош мураббийни алмаштирган африкаликлардан бундай натижани деярли ҳеч ким кутмаганди. Лекин собиқ бош мураббий Валид Халилхожич билан зиддияти бўлган «Челси» вингери Ҳаким Зиёшнинг сафга қайтиши жамоа фойдасига бўлди.
Валид Реграгий билан Зиёшда ҳеч қандай муаммо йўқ. 47 ёшли мутахассис барчага футболчини мақтаган, нафақат футболчилик қобилиятлари учун, балки фидокорлиги, шунингдек мураббий ва жамоадошларига содиқлиги учун ҳам. Қисқа муддатли турнирларда кийим алмаштириш хонасида бундай муҳит бўлиши сенсацияларга олиб келади — жумладан Испанияни ҳам енгиш мумкин.
Луис Энрике жамоаси ҳам гуруҳда зериктирмади. Коста-Рика тор-мор этилгач (7:0), Испания Германияни енгиши мумкин эди, аммо ўйин охирида гол ўтказиб юборилди. Шундан кейин Японияга ютқазмаслик талаб этиларди, қолаверса Альваро Мората биринчи бўлим бошидаёқ ҳисобни очганди.

Ўйиннинг иккинчи бўлимида рўй берган воқеаларни мантиқий изоҳлаш осон эмас, бу воқеалар испанларнинг ўзи томонидан саҳналаштирилгани ҳақида ҳам фикрлар янгради. Гап шундаки, испанлар иккинчи ўрин билан чиқиш орқали, чорак финалда Бразилия билан тўқнашув эҳтимолидан қочиб қолишди, аммо жамоа сўнгги тур якунларига кўра гуруҳда қолиб кетиши ҳам ҳеч гап эмасди. Аммо параллел учрашувда немислар охиригача курашиб, Коста-Рикани енгиб беришди (4:2) ва испанлар учун энг қулай вазият юзага келди.
















