Жаҳон | 15:47 / 07.12.2022
5255
2 дақиқада ўқилади

Германияда «немис рейхи» тарафдорларига қарши кенг кўламли операция ўтказилди

Фото: AP

Камида 25 киши ўнг экстремистик муҳитга мансубликда гумонланиб ҳибсга олинган. Германия Адлия вазирлиги «рейхсбюргерлар» конституциявий ҳокимиятга ҳужумлар уюштиришни режалаштирганини маълум қилди.

Германияда «рейхсбюргерлар» деб аталувчи, зўравонликка тайёр, ГФР мавжудлигини тан олмайдиган ўнг радикал ҳаракат аъзоларига қарши кенг кўламли операция ўтказилди. Германия Федерал прокуратурасининг 7 декабрь, чоршанба куни эрталаб маълум қилишича, унинг давомида камида 25 киши ўнг экстремистик муҳитга мансубликда гумонланиб ҳибсга олинган.

Идора маълумотларига кўра, «рейхсбюргерлар» мамлакатда конституциявий ҳокимиятни ағдаришни режалаштирган. «Бугун эрталабдан бошлаб кенг кўламли аксилтеррор операцияси ўтказилмоқда. Федерал прокуратура рейхсбюргерлар орасида террорчилик тармоғини текширмоқда. Конституциявий ҳокимиятга қарши қуролли ҳужум режалаштирилган деган гумон бор», - деб ёзади Германия адлия вазири Марко Бушман Twitter'даги микроблогида.

Федерал прокуратура маълумотларига кўра, «рейхсбюргерлар»ни ҳибсга олиш Федерал суднинг тергов судьялари томонидан берилган ордерлар асосида амалга оширилган. Ҳибсга олинганларнинг барчаси Германия фуқаролари. ОАВ маълумотларига кўра, тинтувлар қатор шаҳарларда, жумладан Берлинда ҳам ўтказилган.

«Рейхсбюргерлар» ГФРни тан олмайди ва ўзларини «немис рейхи» фуқаролари деб билишади. Улар амалда йўқ бўлган империянинг муқобил шахсни тасдиқловчи ва ҳайдовчилик гувоҳномаларини тайёрлайди. Ҳаракат 1980-йилларда пайдо бўлган. 2017 йилда Германияда унинг 16 000 дан ортиқ тарафдорлари бор эди.

Мавзуга оид