Жаҳон | 00:26 / 07.12.2022
17886
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон собиқ президенти қасри ўрнида болалар реабилитация маркази қурилди

Бишкекда собиқ президент Қурманбек Бакиевга тегишли қаср ўрнида болалар реабилитация маркази қурилди.

Фото: kaktus.media

Бишкек шаҳрининг Жибек Жолу проспектидаги собиқ президент Қурманбек Бакиевнинг қасри ўрнида болалар реабилитация маркази қурилди. 

Давлат бошлиғи ишларининг бошқарувчиси Қанибек Туманбаев сўзларига кўра, объект қурилиши якунланган, тез орада очилиш тадбири ўтказилади. Имконияти чекланган болалар реабилитация маркази 100 ўринга мўлжалланган бўлиб, барча замонавий шароитлар билан таъминланган.

Қурманбек Бакиев 2005-2010 йилларда Қирғизистон президенти бўлган. 2010 йил 7-15 апрелдаги инқилоб пайтида мухолифат томонидан ағдарилган ва мамлакатни тарк этган. Ҳозирда Беларусда сиёсий эмиграцияда.

Фото: kaktus.media

2013 йилда Бакиев Қирғизистонда «хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш» моддаси бўйича жиноят содир этганликда айбдор деб топилиб, сиртдан 24 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

2014 йилда британиялик тадбиркор Шон Дейли ҳаётига суиқасд уюштирганликда айбланиб, сиртдан 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

2021 йил июл ойида Бакиев қидирувга берилган. У Қирғизистондаги Қумтор олтин кони билан боғлиқ коррупцияда айбланмоқда.

Мавзуга оид