Жаҳон | 10:07 / 08.12.2022
3795
5 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари «Дожд»ни қўллаб-қувватлади

Ҳуқуқ ҳимоячилари Риганинг «Дожд» лицензиясини бекор қилиш ҳақидаги қарорини ҳаддан ташқари ортиқча деб атади ва суд қарори чиқмагунча уни ижро этмасликка чақирди.

Фото: Dmitry Golubovich/Russian Look/Global Look Press

Европа журналистлар федерацияси (EFJ), Матбуот ва ОАВ эркинлиги бўйича Европа маркази (ECPMF), Оммавий ахборот воситаларини ҳимоя қилиш маркази, Халқаро матбуот институти ((IPI)), Article19 ташкилоти («19-модда») ва OBC Transeuropa (OBCT) қўшма баёнот чиқарди. Улар Латвия Миллий электрон медиа кенгашининг (NEPLP) «Дожд» телеканали эфирга чиқиш лицензиясини бекор қилиш тўғрисидаги қарори муносабати билан «жиддий хавотир билдирди» ва регуляторни судда ушбу муаммо ҳал этилмагунча уни бекор қилишни амалга оширишдан тийилишга чақирди. Ташкилотларнинг баёноти 7 декабрь, чоршанба куни эълон қилинди.

«Ташкилотларимиз Латвияда ушбу муаммонинг нозиклигини тан олса-да, биз эфирга чиқиш лицензиясини бекор қилиш тўғрисидаги қарор номутаносиб ва   пировардида тескари бўлди деган фикрдамиз», — дейилади баёнотда. Шу билан бирга, унинг муаллифлари уруш бошланганидан кейин Латвия ҳукуматининг «Дожд» ва Россия бошқа оммавий ахборот воситалари журналистларига визалар ва ўз фаолиятини давом эттириш имкониятини бериш ҳақидаги қарорини олқишлади.

«Латвия Европада ўрнак бўлди ҳамда эркин ва мустақил оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлагани учун таҳсинга лойиқ», - дея таъкидлайди журналистлар ташкилотлари.

Баёнотда қайд этилишича, «Дожд» регулятор томонидан келтирилган Латвия эфир узатиш қонунчилигининг учта бузилишини бартараф этиш учун тегишли чоралар кўрган. «Дожд» Латвия қонунчилигини ҳурмат қилиши кераклигини тан олган ҳуқуқ ҳимоячилари муҳаррирлар томонидан йўл қўйилган учта хатони ОАВ трансляция лицензиясини тўлиқ бекор қилиш мезонларига тўғри келмайдиган ҳолат, деб ҳисоблайди.

Бундан ташқари, мурожаат муаллифларининг таъкидлашича, «Дожд» журналистлари Латвия «миллий хавфсизлигига потенциал хавф туғдиради» деган важлар «ўта жиддий айбловлар бўлиб, уларни эфирни назорат қилиш регулятори эмас, балки мустақил судлар кўриб чиқиши керак».

«Ушбу қарорнинг Россия урушга қарши ҳаракати учун кенгроқ таъсири муҳим. Муҳожирликдаги энг нуфузли Россия телерадиокомпанияси сифатида «Дожд»нинг сафарбарлик, Россия ваҳшийликлари ва фронтдаги воқелик каби масалаларни урушга қарши кескин ёритилиши катта аҳамиятга эга бўлди, Кремль ташвиқотига муҳим муқобилга айланди», деб таъкидлайди мурожаат муаллифлари. Улар NEPLP'ни лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарорни ижро этишдан бош тортишга чақирди.

«Бизнинг айтадиган гапимиз аниқ: мустақил рус журналистикасига Европада хавфсиз бошпана берилиши керак. «Дожд»нинг русийзабон аудиторияни мустақил янгиликлар билан таъминлаш миссияси жуда муҳим ва бу муаммо ҳал бўлишига умид қиламиз», - дея хулоса қилган мурожаат муаллифлари.

NEPLP раҳбари Иварс Аболиньш куни кеча Латвияда «Дожд»нинг эфирга чиқиши «миллий хавфсизлик ва жамоат тартибига таҳдид туфайли» 8 декабрь куни тўхтатилиши кераклигини айтди.

Бир неча кун аввал «Дожд» ўз эфирида Россия армиясини «бизники» деб атагани, шунингдек, Россия Федерацияси, жумладан аннексия қилинган Қрим харитасини кўрсатгани учун 10 минг евро жаримага тортилган эди. NEPLP баёнотига кўра, «Дожд»га биринчи огоҳлантириш унинг эфирида латиш тилидаги бошловчи йўқлиги сабабли берилган.

1 декабрь куни бошловчи Алексей Коростелев «Дожд» томошабинларини мобилизация пайтидаги қонунбузарликлар ҳақида каналга хабар беришга таклиф қилиб, шундай деди: «Бизнинг почтамиз ва телеграм ботимизга ёзилган кўплаб ҳикоялар эълон қилинади. Умид қиламизки, кўплаб ҳарбийларга, шу жумладан биз ҳам бунда ёрдам беришга муваффақ бўлдик, масалан, фронтда жиҳозлар ва оддий қулайликлар билан».

Украина фаоллари ва Латвия расмийлари телеканални гўёки рус ҳарбийларига ёрдам берганликда танқид қилишган. «Дожд» раҳбарияти содир бўлган воқеа учун узр сўради ва нотўғри гапирганини таъкидлаб, Коростелевни ишдан бўшатди. Телеканал Россия армиясига ёрдам бермаслигини ва урушга қарши эканини таъкидлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид